У бир неча нашрга интервью беришга ҳам улгурди. Россиялик таниқли журналист Юрий Дудь ҳам Германияга бориб, Навальний билан катта интервью уюштирди. Суҳбат давомида Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси бўлган ушбу сиёсатчи қандай заҳарлангани, самолётда заҳарланишнинг дастлабки босқичини қандай ўтказгани, даволаниши ва бошқа мавзуларда гапирди. У Россияга қайтмаслиги эҳтимолини қатъий истисно қилди – ватанига қайтиб, курашни давом эттирмоқчи.

Самолётда нима бўлганди?
«Менимча, ҳар ким ҳаёти давомида ўзини ҳозир ўлиб қоладигандек ёмон ҳис қилган бўлса керак. Москвага қайтаётганда самолётда мен билан ҳам шундай бўлди. Ўзимни шунчалик ёмон ҳис қилдимки, ҳозир ўлиб қоладигандек эдим. Ёнимда ўтирган матбуот котибим Кирадан мен билан гаплашишини сўрадим. У табиийки ажабланди ва мен билан гаплашди, чунки мен диққатимни жамлаб олишим керак эди. Бироқ аҳволим ёмонлашди. Кира нималардир дер, бироқ мен фақат унинг оғзи очилиб ёпилаётганинигина англардим.

Одатда одам ўзини ёмон ҳис қилганда таҳлил қилиб ошқозони, боши, оёғи оғриётганини ёки шамоллаганини тахмин қилиши мумкин. Мен эса нима бўлаётганини тушунмаётгандим. Ёнимдан самолёт хизматчиси ўтиб кетаётганини кўрдим-да, ҳозир сув ичиб олсам, яхши бўлиб қоламан деб ўйладим. Кейин йўқ, яхшиси ювиниб оламан деб оёқяланг ҳожатхонага бордим. Бир марта, икки марта ювиндим, бироз ўтирдим. Яна озроқ ўтириб яхши бўлиб қоламан деб ўйладим, аммо бундай бўлмади. Энди ҳожатхонадан ўзим мустақил чиқа олмаслигимни тушунардим.

Биласизми, бу нимага ўхшайди: Гарри Поттер фильмидаги дементорларга (хаёлий махлуқ). Жоан Роулинг буни шундай тасвирлаган: дементор сени ўпса, оғриқ бўлмайди, аммо ҳаётинг тугаётганини ҳис қиласан». Менда ҳам худди шундай бўлди, ҳеч қандай оғриқ йўқ, лекин ўлиб қоламан деган хаёл миямни чулғаб олганди.

Ҳожатхонадан чиқдим ва одамлар тизилиб турганини кўрдим. Борт назоратчисига «Мени заҳарлашди, ҳозир ўламан», дедим ва унинг оёғи остига қуладим. У мени жинни бўлса керак деб ўйлагандир. У мени томат соки ёки макарондан заҳарланди деб ўйлаган. Менга «Биз сизни ҳеч нима билан заҳарлай олмаймиз», деб айтмоқчи ҳам бўлгандир. Бу вақтда мен унинг оёғи остида ўлишга тайёрланаётгандим. Ахир бутун танам менга «Алексей, паймонанг тўлди», дерди».

Бу омадли тасодиф эди
«Омадим келгани шуки, бошланишида ҳамма тартиб бўйича қилиши керак бўлган ишни қилди. Учувчиларга бемор оғир аҳволда эканини айтишганда улар пайсалга солмай самолётни пастлатишди. Фельдшерларга «Бу биродарнинг чиндан мазаси йўқ», деб айтишди ва улар тезда атропин (оддий заҳарланишда қўлланадиган восита) юборишди. Жонлантириш бўлимидагилар келишди-да, «Жин урсин, у чиндан дозани кўпайтириб юборган бангига ўхшаб ётибди, аниқ заҳарланган, мана унга атропин, уни токсикологик бўлимга оламиз», дейишди. Бир сўз билан айтганда, ҳаётимни сақлаб қолган нарсалардан бири – ҳамма ўз ишини тўғри бажаргани бўлди. Афсуски, Россияда ҳамма ўз ишини тўғри бажариши кутилмаганда омад келишидан бошқа нарса эмас».