11:39 / 07.07.2018
56397

Хоразмда ҳоким ўринбосари, Андижонда дирекция раҳбари пора билан қўлга тушди

1 июль куни Хоразм вилояти Урганч тумани ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Бекзод Абдуримов маҳаллий фуқародан 5 миллион сўм миқдорида пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали «Ахборот 24» дастурида хабар берилди.

Туман ҳокимлигида саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалаларига жавобгар бўлган бу мансабдор Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Урганч шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган амалиёт доирасида ушланган.

Бекзод Абдуримов шу йилнинг 10 июнида лавозимга тайинланганди.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мансабни суиистеъмол қилиш бўйича яна бир ҳолат Андижон вилояти Асака туманида фош этилган. 

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари Асака тумани ҳокимияти қошидаги қурилаётган корхоналар дирекцияси раҳбари Шокир Маҳкамовни пора олиш устида қўлга туширишган. У саноат зонаси ҳудудидан 0,2 гектар ер ажратиб беришни ваъда қилиб, 1000 доллар ва 6,5 млн сўм пора талаб қилган.

Дирекция раҳбари Асака тумани «Ахтачи» маҳалласи ҳудудида пора олаётган вақтда қўлга олинган. Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Top