Жамият | 23:12 / 08.07.2018
35339
2 дақиқада ўқилади

​Фарғонада йўловчини машинасида уриб қочган ҳайдовчи ушланди (видео)

Жорий йилнинг 3 июль куни Фарғона вилояти Тошлоқ туман, “Тўхтабой” маҳалласидан оқиб ўтувчи ариқдан номаълум шахснинг жасади топилган. Жасад кўздан кечирилганда, у йўл транспорт ҳодисаси натижасида вафот этганлиги аниқланди. Ушбу воқеа тафсилотлари Фарғонанинг Muloqot TV телеканали орқали эфирга узатилган кўрсатувда шундай дейилади.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси махсус тезкор қидирув гуруҳи томонидан, жиноятни очиш юзасидан тезкор қидирув тадбирлар ўтказилди. Йўлларга ўрнатилган кузатув камералари ва воқеага гувоҳ бўлган кишилардан олинган маълумотларга асосан, йўл транспорт ҳодисаси Газ-24 русумли автомашина иштирокида бўлганлиги аниқланган.

Шу тариқа вилоятда бу турдаги автомашиналар бир кетин кўздан кечирилиб, қидирув тадбирлари ўз натижасини берди. Орадан икки кун ўтгандан сўнг, мазкур жиноятни Қўштепа туманида истиқомат қилувчи Алишер Алимов ўзининг давлат рақами 40 C 304 DA бўлган Газ-24 русумли автомашинасида содир этганликда гумон қилиниб, қўлга олинди.

Гумонланувчи Алишер Алимов йўл транспорт ҳодисасини содир этгандан сўнг, энг аввало жабрланган пиёдага ёрдам кўрсатиб, уни ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлидан келган ишни бажариши керак. Лекин Алишер Алимов бу йўлни тутмади.

Ҳозирги кунда айбланувчи Алишер Алимов устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси 2-қисми ва 117-моддасининг 2-қисмлари билан жиноят иши очилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид