Ўзбекистон | 21:29 / 09.07.2018
11570
3 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитасида ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди

Шу йилнинг биринчи ярмида контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига қарши курашиш мақсадида ташкил этилган тадбирларда жами 57,5 млрд. сўмлик товар- моддий бойликлари божхонада ушлаб қолинди. Аниқланган божхона қонунчилигини бузиш ҳолатларининг 196 таси юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ҳайъат мажлиси видеоселектор шаклида ўтказилди. Унда марказий аппарат, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри божхона бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология маркази раҳбарияти ҳамда ходимлари иштирок этишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

Йиғилишда дастлаб жорий йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан - тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида божхона органларига юклатилган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар танқидий таҳлил қилинди ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона тўловлари бўйича белгиланган режа 116,3 % га бажарилди.

Автоматлаштирилган ахборот дастури имкониятларидан самарали фойдаланилгани натижасида, 3981 та ҳолатда божхона қийматини паст нархларда белгилашга бўлган уринишларнинг олди олиниб, жами 5 млрд. 567,8 млн. сўм божхона тўловларини кам ундирилиш хавфи ўз вақтида бартараф этилди.

Божхона лабораториялари томонидан ўтказилган 12 мингдан ортиқ божхона экспертизалари натижасида 3 млрд. 369,4 млн. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жами 14,5 млрд. сўмлик имтиёздан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида 4,5 млрд. сўмдан ортиғи ундирилди.

Контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига қарши курашиш борасида олиб борилган мақсадли тадбирлар натижасида 4026 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, жами 57,5 млрд. сўмлик товар- моддий бойликлар ушлаб қолинди. Аниқланган божхона қонунчилигини бузиш ҳолатларининг 196 таси юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди. 

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати

Аниқланган ҳолатлар натижасида 21,3 кг. гиёҳвандлик воситалари, 220 дона психотроп моддалар, 22 та ўқотар қурол, 3200 дан ортиқ диний мазмундаги, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи материаллар ҳуқуқбузарлардан олинди.

Йиғилишда жорий йилнинг 1-ярмида божхона органлари фаолиятида йўл қўйилган айрим камчиликлар кескин танқид қилиниб, бунга йўл қўйган марказий аппарат ва ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари эшитилди.

Мавзуга оид