Ўзбекистон | 03:17 / 10.07.2018
41175
7 дақиқада ўқилади

Бешариқлик фермерга комбайн беришмаётгани сабаб буғдой тўкилиб, увол бўляпти

Июнь ойида далалардаги буғдойга ўроқ тушади. Ўтган йил ўз ерларига ғалла экиб, тўққиз ой парвариш қилган фермер-деҳқонлар учун айни авж палла. Бир қатор вилоятлар дон топширишда етарли хирмон кўтариб, ўз режаларини бажариб бўлишган.

Кеча, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти, Бешариқ туманидаги фермернинг ғалласи пишиб, етилиб, тўкилиб кетаётгани, лекин туман ҳокимлиги ҳосилни йиғиштириб олиш учун комбайн беришга тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида Фарғонанинг чекка туманига бордик.
 

Бахтиёржон Қўқонов бошчилигидаги “Баҳромжон” фермер хўжалиги кўп тармоқли экан. Дала шийпони шинам, ерга ишлов бериш учун техникалари ҳам етарли.

Уста деҳқон 60 бош наслли қорамол ҳам парвариш қилмоқда. Бахтиёр ака замон билан ҳамнафас экан. Сабаби, шийпондаги офисда техникалар ва чорва моллари ҳолатини кузатиб бориш учун кузатув камералари ҳам ўрнатилган.    

Хўжаликнинг барча қулайликларга эга шийпонида бир фурсат бўлиб, ғалла майдони томон йўл олдик. Ҳақиқатда, пайкалдаги буғдой етилиб пишиб, тўкилиш жараёнига келган. Пахта-ғалла йўналишидаги фермер хўжалигининг 54 гектар ерида буғдойнинг “Аср”, 34 гектар ерида эса “Наманган 77” навли пахта парвариш қилинади.

Муаммога ўтамиз. Хўжаликнинг буғдойи бу йилги мавсумда катта ҳосил берди. Баракасини берсин! Қарангки, бир ой олдин 12 июнь куни мавжуд 54 гектар майдондаги ғалланинг 34 гектари ўрилиши билан хўжалик режани бажарди. Қолган 20 гектардаги ғалла хўжаликнинг ёнига қолди дегани бу! Ҳосилдорлик гектаридан 50 центнерни ташкил қилган.

Режа бажарилгач, ғалла отряди комбайнлари билан бошқа хўжаликнинг буғдойини ўргани ўтиб кетди.

Асли тартиб ва тизим  шундай. Ва бу - жуда тўғри ташкил қилинган тизим. Чунки бошқа хўжаликлардаги пишган ғалла ўрилиши ва  улар ҳам режани тўлдириш учун хирмон кўтариши керак.

Ҳудуддаги барча хўжаликлар ўз режасини бажариб бўлгач, комбайнлар яна қолиб кетган майдонларни ўришга киришади.      

“Ўтган июнь ойнинг 10,11,12-кунлари уч суткада даламиздаги 145 тонна буғдой ўрилиб, шартномавий режани бажардик. Бир ой олдин бўлган эди. Орадан 30 кун ўтса ҳам даламизга буғдойимизни ўриш учун комбайн беришмаяпти. Туман ҳокимига мурожаат қилдим. У киши менга бошқа тартибга асосан режамни бажармаганимни кўрсатди. Мен туман режаси тўлиши учун яна қўшимча буғдой беришим керак экан. Туман ҳам тўлди. Мен яна қўшимча ғалла беришим мумкин, лекин унда хўжалигимнинг моддий манфаатдорлиги, ишчиларнинг ҳақи ва келгуси ҳосил учун замин қаерда қолади? Жорий йил, деҳқонга оғир келди. Сабаби, ҳосилга шира тушиб кетди. Тинимсиз меҳнат қилиб, шу даражага олиб келдик. Майдонда тинимсиз ОВХ техникаси ишлади”, дейди Бахтиёр ака.

Далага комбайн беришмаётганига сабаб излаб Бахтиёр ака туман ҳокими эшигини кўп бора тақиллатди. Бефойда.

Ҳар йили 20 нафар ишчисига 1 тоннадан буғдой берадиган фермернинг юраги сиқиляпти. Ахир, буғдой, нон исроф бўляпти. Маълумки, буғдой пишганидан сўнг бошоқдаги дон тўкила бошлайди. Ҳосил баракасига путур етади. Деҳқонлар бу ҳолатни “потерия”, яъни “йўқотиш” деб атайдилар. “Баҳромжон” хўжалигида ўрилмай турган 20 гектарлик ғалла даласида ҳозирги иссиқ кунларда суткасига камида 10-20 фоиз “потерия” бор. Деҳқон халқнинг ризқи йўқолаётганига ҳайрон бўлмоқда холос.

Фермерга “Балки, туманда ғалла ўрими қизғин давом этаётгани учун ҳоким сизга комбайн беришни тақиқлагандир?”, деб савол бердим. У киши “Қаёқда?.. Ёнига бориб, “Туман режасини ошиши учун яна ёрдам берай, сиз буғдойни ўришга рухсат беринг”, деб кўрдим. Бўлмади”, дея жавоб қайтарди.

Деҳқоннинг “Буғдой ўрим мавсуми деярли тугаган. МТП (машина трактор парки)да комбайнлар бўш ётибди...”, деган сўзидан сўнг у киши билан хайрлашиб, туман МТПси томон бордик.   

Тумандаги фермер хўжаликларини техника билан таъминловчи паркка борганимизда унинг раҳбари Ҳусанбой Каримов билан учрашдик. Ҳолатни айтдик. У киши: “Талабнома ёзсин, албатта, жўнатаман”, деган гапни айтди. Бу гапларга ишонишни ҳам ишонмасликни ҳам билмайсан, киши.

Дарҳақиқат, МТПда “КЛАСС”, “Нью Ҳолланд” ва “Доминатор” русумидаги  7 та комбайн бўй кўрсатиб, қаққайиб турарди.

Таажжуб... У ёқда шартномавий режани бажарган хўжаликда халқ ризқи бўлган буғдой кунига тўкилиб, увол бўлиб ётса-да, шартнома асосида хизмат кўрсатувчи МТП комбайн жўнатмаса? 

Маълумотларга кўра, “Баҳромжон” фермер хўжалигидан ташқари, яна бошқа фермер хўжаликларида ҳам худди шу муаммо бор. “Ғайратжон Орипов” хўжалигида ҳам ўн гектар майдон комбайн кутиб ётибди. Гектарлаб майдонлардаги минг машаққат эвазига етиштирилган буғдой йўқотиляпти.

Пайкалда бошоғи эгилиб, ўрилмагач атрофга донини тўкаётган буғдойни кўриб раҳмингиз келади…

Ишқилиб, воқелар ривожи ижобий томонга, тез кунларда ўзгарсин. Сабаб аниқ. Доннинг, ноннинг уволи бор, ахир!

Ёзнинг бир куни - кузнинг ўн кунига татийди. Иложи борича, буғдойни тез ўриб, ерни такрорий экинга тайёрлаш керак. Воқеалар ривожини кузатамиз.     

                                                                                                                                Элмурод Эрматов,
                                KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид