Таиланддаги ғорда қамалиб қолганларнинг барчаси қутқарилди
Таиланддаги ғордан 12 нафар ўсмир ва уларнинг мураббийи ташқарига олиб чиқилди. Бу ҳақда Spring News телеканалида хабар берилди.
Қутқарувчилар бугун яна 5 болани ва мураббийни маҳаллий вақт билан соат 17:43да (Тошкент вақти билан соат 15:43да) ғордан олиб чиқишган.
Қутқарув амалиётининг охирги босқичи 3 кун давом этди. Биринчи ва иккинчи кунларда 4 нафардан ўқувчи қутқарилганди.
Айни вақтда қутқарилганларнинг барчаси Чианграй шаҳридаги шифохонага олиб борилган. Улар бу ерда бир неча кун давомида тикланиш жараёнини ўташади.
11 ёшдан 16 ёшгача бўлган 12 нафар бола ва уларнинг мураббийи 23 июнда Таиланднинг энг шимолий нуқтасида жойлашган Тхам Луанг ғорига отланганди. Улар ғор ичига сайр қилгани кириб кетиб, кучли ёмғирлар оқибатида ғордан чиқиш йўллари сув остида қолгани сабабли у ерда қолиб кетишади.
Ёш футболчилар мураббий билан биргаликда велосипедда 23 июнь куни шу атрофдаги стадионда машқ қилгандан сўнг ғорга борган. Авваллари улар қурғоқчилик мавсумида фавқулодда шароитда машқ қилиш ва жамоа руҳини кўтариш учун тез-тез ғорга келиб турган.
Гуруҳ кўп марта ғорнинг 7 километр чуқурликдаги ерларигача борганди, бироқ бу сафар болалар ғорга кирганидан бир неча соат ўтиб бошланган сел ер остида кутилмаган тошқинни келтириб чиқаради ва натижада ғордан чиқиш йўли ёпилиб қолади.
Қидирув ишлари 24 июнга ўтар кечаси бошланди. Ғорга кириш жойида 11та велосипед ва мураббийга тегишли мотоцикл топилади. Болалардан ҳеч қайси бири ота-онасига ғорга бориши ҳақида айтмаганди.
Болалар ва мураббийни Таиланд ҳарбий-денгиз кучлари сузувчи ва кейв-дайверлари (чуқурликдаги ғорларга тушиш билан шуғулланадиган мутахассис) улар йўқолганининг ўнинчи кунида топишди. Буюмлар ғорга кириш жойидан 5 километр узоқда қолдирилганди. Қутқарув ишларига минглаб кишилар жалб қилинди.
8 июль куни ота-оналар рухсати билан қутқарув амалиётининг охирги босқичи бошланди. Ҳудудга янги муссон ёмғирлари хавф солаётгани туфайли болаларни хавфли йўл билан бўлсада олиб чиқишга қарор қилинди - акс ҳолда ғор ичи яқин вақт ичида сувга тўлиши туфайли ичкаридагиларнинг барчаси ҳалок бўлиши мумкин эди.
Мавзуга оид
15:48 / 10.12.2024
Таиландда икки киши массаждан кейин вафот этди
09:42 / 10.12.2024
Ўзбекистон яна икки давлат билан ЖСТ бўйича музокараларни якунлади
23:19 / 01.10.2024
Таиландда 40 га яқин ўқувчи ва ўқитувчиларни олиб кетаётган автобус ёниб кетди. Камида 20 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
21:12 / 29.09.2024