Иқтисодиёт | 10:42 / 11.07.2018
5798
3 дақиқада ўқилади

АҚШ божга тортиладиган Хитой товарлари рўйхатини кенгайтирди

Фото: Thomas Peter/AP

АҚШ Хитойдан импорт қилинадиган ва 10% божга тортиладиган 200 миллиард доллар қийматли товарларнинг қўшимча рўйхатини тайёрлади. Бу ҳақда савдо музокараларида иштирок этаётган АҚШ вакили Роберт Лайтхайзер хабар бермоқда.

Президент Дональд Трамп маъмурияти Хитойнинг «адолатсиз савдо амалиётини ўзгартиртиришни» истамаётгани сабабли шундай чораларни кўришга мажбур. 

«Бу Хитой савдо сиёсатининг АҚШга етказаётган зарарини бартараф этиш учун қилинган ва қонунда кўзда тутилган муносиб жавобдир», - деди у.

Лайтхайзер гапига кўра, ўтган жумадан бошлаб, АҚШ божхона хизмати Хитойдан импорт қилинаётган ва умумий қиймати 34 миллиард доллар бўлган маҳсулотларга 25% бож сола бошлаган. Яна 284 номдаги ва умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган Хитой маҳсулотларига худди шундай божларнинг жорий қилиниши Трамп маъмурияти томонидан кейинроқ эълон этилади.

«Бунга жавобан Хитой ҳам АҚШдан импорт қилинаётган, умумий қиймати 34 миллиард долларга тенг товарларга бож жорий қилди ва бу рўйхатни яна 16 миллиард долларлик маҳсулотлар билан тўлдириш билан таҳдид қилди», - деб давом эттирди савдо вакили.

«Хитойнинг бу ҳаракатлари ва савдо амалиётини ўзгартирмаётганига жавобан, президент Трамп Хитойдан келтирилаётган ва қиймати 200 миллиард доллар бўлган қўшимча товарлар гуруҳига 10% бож жорий қилиш топшириғини берди», - деди Лайтхайзер.

Унинг гапига кўра, 10% божга тортиладиган товарлар рўйхати «яқин орада» Federal Register ахборотномасида эълон қилинади. Бу гуруҳ товарларига бож тахминан 2 ойдан сўнг жорий қилинади.

Трамп Хитой билан савдоларда юзага келаётган ва йилига 500 миллиард долларга етаётган дефицит унга ёқмаслигини кўп марта такрорлаб келган. 

15 июнь куни президент «Хитой томонидан АҚШ интеллектуал мулки ва технологияларининг ўғриланиши, шунингдек Пекин адолатсиз савдо амалиётини қўллаётгани сабабли», АҚШ бу мамлакатдан импорт қилинаётган ва умумий қиймати 50 миллиард долларга тенг бўлган товарларга 25% бож жорий қилинишини эълон этди. Пекин Трампнинг бу қарорига норозилик билдириб, уни Бутунжаҳон савдо ташкилоти қоидаларини бузиш деб баҳолади ва шунга мос аксилчораларни қўллаши ҳақида баёнот берди.

Шундан сўнг, Оқ уй раҳбари 18 июнь куни Пекин «қўшимча божларни жорий қилишни тўхтатмаса», 10% бож жорий қилинадиган, қиймати 200 миллиард доллар бўлган бошқа товарлар рўйхатини тайёрлаш ҳақида топшириқ берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид