Ўзбекистон | 12:49 / 11.07.2018
55569
2 дақиқада ўқилади

Алимент соҳасидаги қонунчиликда муҳим ўзгаришлар бўлди

Фото: sobkor.net

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан (ЎРҚ-459-сон) алимент соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган эди. Адлия вазирлиги бугундан кучга кирадиган ушбу ўзгартиришларни эслатиб ўтди.

Хусусан эндиликда:

- алимент тўламаслик 15 сутка маъмурий қамоққа олинишига сабаб бўлади;
- алимент тўлашга мажбур шахслар икки ой (илгари уч ой) мобайнида алимент тўлашдан бўйин товласа жиноий жавобгарликка тортилади (3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин); 
- ҳар бир бола учун алимент миқдори энг кам иш ҳақи миқдорининг 75 фоиздан (илгари учдан бир қисм) кам бўлмаган миқдорда (138 225 сўм) белгиланади; 
- алиментни бола вояга етгунга қадар кўчар ва кўчмас мол-мулк ёки бошқа қимматли нарсалар бериш орқали бир йўла олдиндан тўлаш мумкин; 
- алимент олдиндан тўланган ёки гаров шартномаси тузиш ҳолатларида, ушбу шахсга республикадан чиқишга қўйилган тақиқ олиб ташланади. Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам (46 млн 75 минг сўм) бўлмаслиги лозим.

Мавзуга оид