Жаҳон | 09:22 / 11.07.2018
14033
2 дақиқада ўқилади

Трамп НАТО саммитида иштирок этиш учун Бельгия пойтахтига келди 

Фото: AFP/Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп иттифоқчилар билан ихтилоф фонида НАТО саммити бўлиб ўтадиган Брюссель шаҳрига етиб келди, дейилади Оқ уй журналистлари томонидан тарқатилган хабарда.

Вашингтондан Брюсселга парвоз мобайнида Трамп ОАВ вакиллари олдига чиқмади, лекин у НАТО бўйича иттифоқчиларини танқид қилган хабарларини Twitter’га фаол жойлаб борган. Масалан, у навбатдаги марта гарчи савдо дефицити сақланиб қолинаётган бўлса-да, АҚШ Европа Иттифоқи таркибидаги НАТО аъзолари ҳимоясини таъминлаб бераётганлигидан норози эканлигини билдирган. Трамп, шунингдек, НАТО давлатлари қачон АҚШнинг мудофаа харажатларини қоплаб беришини сўраган.

Америка президенти альянс бўйича шерикларни 2014 йилда Бухарестда эришилган келишувларга кўра, мудофаа учун ЯИМнинг 2 фоизи миқдорида харажатларни оширишга чақирган, акс ҳолда НАТОга аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш дастурида АҚШнинг иштирокини қисқартириш билан таҳдид қилган.

НАТОнинг Брюсселдаги саммити 11–12 июль кунлари Вашингтоннинг Эрон ядровий дастуридан чиқиши, Европа компанияларига иккаламчи санкциялар жорий этиши, шунингдек, пўлат ва алюминий учун божлар жорий этиши билан боғлиқ АҚШ ва Европа давлатлари ўртасидаги ихтилоф фонида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид