Жамият | 17:20 / 12.07.2018
15514
8 дақиқада ўқилади

Асоссиз айблов судда ўз исботини топмади ва эр-хотинлар оқланди

Фото: Fotolia

Халқимиз ўт балосидан, сув балосидан ва туҳматдан асрасин деб бежизга айтмаган. Чунки асоссиз бўҳтон, маломат кишини кўпинча боши берк кўчага киритиб қўяди. Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида яшайдиган эр-хотин Бахтиёр Ражабов ва Сайёра Облаевалар ҳаётида ҳам, таассуфки, шундай кўнгилсиз воқеа рўй берди. Улар товламачи, деган айблов билан жазога тортилишига бир баҳя қолди.

Хўш, аслида қандай воқеа рўй берганди? Эр-хотин нега кўр-кўрона туҳматчига чиқарилди?

Бахтиёр Ражабов турмуш ўртоғи Сайёра Облаева билан бирга узоқ йиллардан буён Муборак газни қайта ишлаш заводи масъулияти чекланган жамиятида фао­лият­ юритиб келишади. Бундан олти йил муқаддам, аниқроғи, 2012 йил 28 де­кабр­да улар “Улкан иншоот қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамия­ти қурувчилари томонидан қуриб топширилган, барча қу­лайлик­ларга эга беш хонали намунали уй-жойга кў­чиб киришганда, қувончдан бошлари осмонга етганди.

Бироқ орадан кўп ўтмай, кутилмаганда уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Нега де­­ган­да, янги уй ўта сифатсиз қу­рилган, қисқа муддатда хоналарининг девори дарз кета бошлади.

Энг ёмони, кундан-кунга хона деворларидаги ёриқлар кенгайиб, бу уйда яшаш хавф­ли бўлиб қолди.

Табиийки, уйдаги бу нохуш аҳволни кўриб, оила бошлиғи Б. Ражабов “Улкан иншоот қурилиш сервис” масъу­лия­ти чекланган жамияти раҳбари Б. Шариповга мурожаат қилади. Шундан сўнг Б. Шарипов ва бошқа мутасадди ходимлар мутахассислар иштирокида уйнинг айни дамдаги ҳолатини ўрганиб чиқишади.

Текширув асносида уйнинг пойдевори талаб даражасида қуйилмагани боис бино деворлари дарз кетгани аниқланади ва бу ҳақда далолатнома тузилади.

Орадан икки кун ўтгач, корхона раҳбари Б. Шарипов хонадон эгаси Б. Ражабов билан ўзаро келишган ҳолда, уйни қайта таъмирлаш учун қурилиш материаллари билан таъминлаш, шунингдек, камчиликларни бартараф қилиш мақсадида айни пайтда корхонада иш бошқарувчи лавозимида ишлаётган Ж. Ҳалимовни Б. Ражабовникига жў­натади.

Хуллас, Ж. Ҳалимов раҳбар Б. Шариповнинг “маслаҳат”ига кўра, уйни қайта таъмирлаш учун Б. Ражабовга 80 миллион сўм маблағ берадиган, таъмирлаш ишларини эса, хонадон эгасининг ўзи амалга оширишга келишишади.

Бироқ масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари лафзсизлик қилишади, яъни ваъда қилинган маблағни беришни пайсалга солишади. Бу орада Б. Ражабов оила аъ­золари билан бошқа жойга кў­чиб ўтишга мажбур бўлади. Кўчиш асносида эса, эр-хотин “108 Х 43 LG” русумли рангли телевизорни синдириб қўйишади. Боши ташвишдан чиқмай қолган Б. Ражабов ва унинг умр йўлдошига бу ҳолат қаттиқ таъсир қилади. Улар кў­мак сўраб бир қатор идораларга мурожаат қилишади.

Бу ёғини сўрасангиз, “Улкан иншоот қурилиш сервис” МЧЖ раҳбари Ш. Шарипов ва иш юритувчи Ж. Ҳалимов эса, муаммони ҳал этиш ўрнига тамомила бошқача йўлни тутишади. Яъни, улар уялмай-нетмай “Б. Ражабов ва унинг турмуш ўртоғи уй-жой топширилган пайтда топшириш ва қабул қилиш тартиб-қоидаларига биноан расман “Уйнинг қурилиш сифатига ҳеч қандай эъ­тирозимиз йўқ, деб тилхат ёзиб берган бўлсалар-да, орадан шунча пайт ўтиб, уйининг дарз кетганлигини баҳона қилиб, товламачилик ва қўрқитиш йўли билан биздан 80 миллион сўм маблағ ҳамда синган телевизорнинг ўрнига янги телевизор олиб беришимизни талаб қиляпти”, де­ган мазмунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёз­ма равишда мурожаат қи­лишади.

Жойлардаги ҳу­қуқ-тартибот идоралари ҳам воқеа тафсилотига ойдинлик киритмасдан, аризачиларнинг мурожаатига кўра, гувоҳлар ва холислар иштирокида тезкор тадбир ўтказишади.

Унга кўра, эр-хотин уларнинг устидан юқори идораларга бошқа шикоят қилмасликлари важидан корхона иш юритувчиси Ж. Ҳалимов келишилган 80 миллион сўм маблағдан (56 миллион 500 минг сўмини кейин бериш шарти билан) 23 миллион 500 минг сўм, баҳоси 4 миллион 300 минг сўмлик, "108х43" ўлчамли телевизор ҳамда "ДЕЛЬТА" русумли телевизор антеннасини тилхат асосида унга топширадиган, Б. Ражабов ҳам худди шу аснода қа­бул қиладиган бўлади.

Қисқаси, шу куни эр-хотин гўёки “жиноят” устида қўлга олинади.

Натижада уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 165-моддаси "а" банди билан жи­ноят­ иши қўз­ғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилади.

Ҳақиқатни юзага чиқараман дея охир-оқибат қуруқ туҳ­матга қолган Б. Ражабовнинг айни пайтдаги ҳолатини тасаввур қи­лиш қийин эмас.

Бироқ бу воқеа туҳмат уюштириб, айбсиз кишини айб­­дорга чиқаришга уринган кимсалар ўйлагандек якун топмади. Аниқроқ айтганда, суд жараёнида ҳақиқатга тўлиқ ойдинлик киритилди.

Шу ўринда тушунарли бўлиши учун суд ҳукмидан кўчирма келтирамиз: "Жиноят кодексининг 165-моддаси фабуласида товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин киши­ла­рига зўрлик ишлатиш, мулк­ка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулк­ни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ва ўз мулкига бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Пудратчи ташкилот ходимлари Б. Шарипов, Ж. Ҳалимовлар суд мажлисида эр-хотин Б. Ражабов ва С. Облаевалар уларни зўрлик ишлатиш ҳамда мулкига шикаст етказиш ва нобуд қилиш йўли билан қўрқитмаганликларини билдиришди.

Ваҳоланки, Б. Ражабов ва С. Облаевалар ўзларининг қонуний ҳуқуқларини талаб қилишган ҳолда, пудратчи Б. Шарипов томонидан сифатсиз қурилган мулк (уй-жой) кейинчалик вақт ўтиши билан уйнинг пойдевори ва деворларининг ёрилганлиги боис, улар камчиликни бартараф қилиб, ўзларига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлашни айтишган. Чунки судда қурилиш экспертизасининг хулосасига кўра, Б. Ражабовнинг уйи яроқсиз, яшаш учун хавфли ҳолатда эканлиги аниқланган.

Шунинг учун Б. Ражабов ва С. Облаеваларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан айбсиз деб топилиши ва реабилитация этиш йўли билан оқланиши ҳамда уларга нисбатан жиноят иши тугатилиши лозим бўлади".

Юқорида гувоҳи бўлганингиздек, ҳақ жойида қарор топди. Эр-хотинларга нисбатан айбдор дея босилган тамға олиб ташланди.

Бу воқеа бугунги кунда судлар ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилаётганининг амалий тасдиғидир.

Абдуқаюм Маҳкамов,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти суди раиси

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид