11:07 / 14.07.2018
8430

АҚШ Россия разведка бошқармасининг 12 ходимини хакерлик ҳужумларида айбламоқда

Фото: Shutterstock

АҚШ адлия вазирлиги Россия разведка бош бошқармасининг 12 ходимини миллий демократик қўмита, АҚШ демократик партиясининг конгрессга сайловлар бўйича қўмитаси, президентликка номзод Хиллари Клинтоннинг сайлов штаби серверларини бузиб киришди ва хакерлардан олинган маълумотларни эълон қилишда айблади. Бу ҳақда ВВС хабар бермоқда.

Махсус прокурор Роберт Мюллернинг вакиллари эълон қилган ҳисоботда барча айбланувчиларнинг исм-шарифлари келтирилган бўлиб, улар разведка бош бошқармасининг 26165 ва 74455 қисмлари офицерлари бўлишган.

Серверларни қандай бузишган

Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016 йилда разведка бошқармаси вакиллари Клинтон штаби кўнгиллилари ва ходимлари, шунингдек сайлов кампанияси раҳбарининг компьютерларини бузиб кириш бўйича махсус операция бошлашган.  

Россия махсус хизмати вакиллари штабнинг кўплаб ходимларининг исмлари ва паролларига эга бўлишган ҳамда уларнинг электрон почталаридаги маълумотларни қўлга киритишга эришишган. Улар миллий демократик қўмита ва АҚШ демократик партиясининг конгрессга сайловлар бўйича қўмитасининг ички компьютер тармоғини буза олишган.

Россиялик разведкачилар ўнлаб ходимларнинг компьютерларини масофадан туриб кузатиш ва улардаги ҳужжат ва электрон мактубларни ўқиш имконини қўлга киритишган.

Қандай чоп этишган

Разведка бош бошқармасининг ҳар икки қисми вакиллари 2016 йилги президентлик сайлови кампаниясига таъсир кўрсатиш мақсадида ўғирланган ҳужжатларни чоп этиш билан ҳам шуғулланишган, дейилади ҳисоботда.

Улар DCLeaks.com доменини рўйхатдан ўтказишган ва ўғирланган ҳужжатларни мана шу ресурс орқали эълон қилиб боришган. Улар ўзларини "америкалик хакер-фаоллар" деб аташган ва ресурсни танитиш учун "Твиттер" ва "Фейсбук"да сохта профиллардан фойдаланишган. 

Айблов маълумотларига кўра, россиялик разведкачи хакерлар сайловлар бўйича штатлар қўмиталари, штатлар котиблари, сайловлар учун дастур ишлаб чиқарувчи компаниялар комьютерларига ҳам киришнинг уддасидан чиқишган.

Қўлга тушмаслик ва фош бўлмаслик учун разведка бошқармаси ходимлари сохта ҳужжатлардан фойдаланиб ўзларини турли мамлакатлар фуқаролари деб таништиришган. Улар криптовалюталар ёрдамида тўловларни амалга оширишган, биткоин йиғишган, шу тарзда маблағларнинг келиб чиқиш манбасини яширишган.

Улар 11 банд бўйича айбланмоқда. Айбланаётганларнинг асосий мақсади 2016 йилги Америкадаги сайловларга аралашиш бўлган.

Америкаликлар алоқадор эмас 

Айбловларнинг еттита банди саккиз нафар америкаликнинг компьютеридан шахсий маълумотларни ўғирлашга оид.

Разведкачилар 95 минг долларга яқин маблағни “ювиш”да айбланмоқда – улар серверлар ва IT соҳасидаги хизматлар учун ана шу пулларни тўлашган. Яна бир айблов сайловлар бўйича штатлар қўмиталари, штатлар котиблари, Америка компаниялари комьютерларига бузиб киришга уриниш орқали АҚШга қарши жиноят содир этиш айбловидир.

Тергов маълумотларига кўра, бу операцияда ҳеч бир америкалик билиб туриб иштирок этмаган. Айбловда россияликларнинг хатти-ҳаракатлари овозларни ҳисоблашга ёки сайлов натижаларига таъсир кўрсатган-кўрсатмаганлиги айтилмаган.

Top