Ўзбекистон | 14:15 / 14.07.2018
125816
5 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов қандай инсон ва қандай раҳбар?

Азиз самарқандлик ватандошлар, янги ҳокимингиз ҳақида билишни хоҳлайсизми? Ундай бўлса, интервьюни ўқиб чиқинг!

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаевнинг 20.08.2017 йил сайёр сессияларидаги Самарқанднинг янги ҳокими Эркинжон Турдимов билан тет-а-тет форматидаги суҳбати.

Фото: ХПК

Сиз олдин Навоий вилоятига ҳоким бўлгансиз. Шу боисдан ҳам икки вилоят ҳаётини, аҳоли яшаш шароитини сиздан яхши биладиган мутахассисни топиш қийин. Нима деб ўйлайсиз, икки вилоятни бир-биридан ажратиб турадиган жиҳатлари нимада?

Навоий билан Сурхондарёни таққослаш жуда мушкул. Чунки Навоий саноатлашган ҳудуд ва Навоий мамлакатнинг донори ҳамдир. Бу ҳудуд тушаётган тушумининг 65 фоизини Республика бюджетига беради. Сурхондарё эса 33-35 фоиз маблағни субвенция ҳисобидан марказий бюджетдан олади. Сурхондарёда 5 та туман ва Термиз шаҳри субвенциядан чиққан бўлса, 8 та туман субвенциядан фойдаланмоқда. Шу боисдан, ҳоким сифатидаги асосий мақсадим, Сурхондарёни субвенциядан чиқаришдир.

Халқ билан мулоқот йилида Турдимовнинг ўзига хос технологияси қанақа?

Ҳар битта раҳбарнинг ўз иш режаси бўлиши керак. Акс ҳолда калаванинг учини йўқотиб қўямиз. Масалан, мен ҳоким сифатида ҳар ҳафталик иш режамни белгилаб оламан ва ҳар шанба куни битта туманда, жойига бориб мулоқот қиламан. Чунки, ҳудуднинг ўзига бориб муаммони эшитишнинг натижаси кўп бўлади ва халқ муаммосини ҳис қилиш имкони бўлади. Ҳатто баъзида уларни эшитиб хўрлигингиз келади, афсуски, айрим холларда қўлимдан келмайдиган вазиятлар ҳам бўлиб қолади.

Ҳар якшанба куни телемулоқот ўтказар экансиз. Шу ҳақида гапириб берсангиз.

Биз бу технологияни Навоийда қўллаганмиз ва илк маротаба Сурхондарёда ҳам қўлладик. Охирги мулоқотимизда 420 та мурожаат бўлди. Бундан ташқари, туман ҳокимлари, корхона раҳбарлари, таълим, солиқ ва бошқа соҳа вакиллари ҳам тўғридан тўғри мулоқотга чиқадилар. Кўтарилган масалаларнинг ечилганини эса ҳар жума куни видеоселекторда назорат қиламиз.

Баъзи ҳокимлар мажлис ўтказишни яхши кўради. Сиз-чи?

Ўзим мажлисда ўтиришни ёмон кўраман. Шу боис ҳам кўп мажлис ўтказавермайман. Албатта, самарасиз мажлиснинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ундан кўра, жойига бориб аниқ тадбирлар билан ишлаган яхши. Ушбу қоидага амал қилган раҳбар ўз-ўзидан муваффақиятга эришади. Халқи ҳам бу ҳокимни ҳурмат қилади. Ахир муҳтарам Президентимиз бежиз “Асл баҳони халқ беради” демайдилар.  

Сурхондарё ҳокими учун адолат муҳимми ёки инсонийлик?

Иккаласи ҳам муҳим. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди.

Сурхондарёдаги энг яхши кўрган кўчангиз, қишлоғингиз ва нима сабабдан айнан улар?

Сурхондарёда яхши кўчалар жуда кўп. Мисол учун, Ислом Каримов номидаги кўча, Ибн Сино кўчаси, Алишер Навоий кўчалари жуда чиройли. Лекин менга энг ёқадигани, Термиз шаҳридаги Ат-Термизий кўчаси. Қишлоқларни айтадиган бўлсам, Узун туманидаги қишлоқлар кўпроқ ёқади. Чунки, бу қишлоқда ҳамма жой ям-яшил, шинам. Асосийси, кўчаларга сув сепиб, супурилган бўлади ва йўллар четидаги узумзорлар киши кайфиятини кўтаради.

Ҳудуднинг маънавий соҳадаги ислоҳотларга қанчалик ўз ҳиссангизни қўшяпсиз?

Айни вақтда, Сурхондарё маданияти ҳақида алоҳида китоб чиқаряпмиз. Сурхондарё рақси ва археологияси ҳақида ҳам китоб тайёрланмоқда.  

Фарзандларингиз нечта ва уларнинг тарбиясига қанчалик эътибор қаратасиз?

Фарзандларим уч нафар. Инсон, аввало, ўз оиласини тарбиялаши керак. Агар оилада яхши муҳит бўлмаса, ишда барака бўлмайди. Ишда қанча обрўга эришсангиз ҳам оилада яхши тарбия бермаган бўлсангиз, ҳамма меҳнат йўққа чиқади.  Ҳамиша оиламни муқаддас биламан.

Қандай китоблар ўқишни яхши кўрасиз ва вақтингиз бўлганда қандай фильмлар кўрасиз?

Сурхондарёга келганимдан бери бирорта фильм кўрмадим. Китобларга келадиган бўлсак, Сурхондарё тарихи, адиблари ҳақидаги китобларни ўқияпман.

Қайси сайтларга кўпроқ кирасиз.

Барчага маълум ва машҳур KUN.UZ, Gazeta.uz, Daryo.uz сайтларини кўпроқ ўқийман.

Турдимовнинг ҳаётий формуласи?

Фақат олдинга!

ҲОКИМНИНГ ТАЖРИБАСИДАН КЕЛИБ ЧИҚГАН ХУЛОСАЛАРИ:

 Мен тақдиримдан хурсандман. Чунки авлиёлар юртига раҳбар этиб тайинландим.

 Сурхондарёнинг ижтимоий муаммолари бошқа вилоятларникига қараганда кўпроқ. Бунинг ечимларини топишимиз керак.

 Раҳбарлик бу роҳат эмас. Балки азоб-уқубатдир. Чунки ҳар бир фуқаронинг дарди, муаммоси билан яшашга мажбур бўласиз.

 Сурхондарёнинг иқлими қишлоқ хўжалигига жуда мос иқлим. Уч маҳал экин экиб фойдаланиш имкони бор.

 Ҳеч нарсадан чўчимасдан, масъулиятни ўз бўйнига олиш керак. Бу ҳар бир раҳбарнинг вазифаси.

Мавзуга оид