Жамият | 12:41 / 16.07.2018
29714
8 дақиқада ўқилади

Андижонда тадбиркор ери нега тортиб олинди?..

KUN.UZ почтасига келиб тушган навбатдаги мурожаатлардан бирида тадбиркор учун ажратилган ер майдони Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан тортиб олинганлиги ҳақида баён этилган. Мурожаатда таъкидланишича, Андижон шаҳрида жойлашган “Ёрбоши” замонавий кушхона комплекси давлат дастури бўйича тасдиқланган лойиҳа бўлиб, шаҳар ҳокими чиқарган қарор сабабли унинг ижроси амалга оширилмаяпти. Мурожаатни тўлиқ ўрганиш мақсадида Андижон вилоятига бордик.

Андижон шаҳрининг “Қўшариқ” даҳасида жойлашган “мини-коплекс” – замонавий кушхонаси янги дастгоҳлар билан жиҳозланган бўлиб, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради. Аслида, мазкур корхона 2015 йили республиканинг барча шаҳар ва туман марказларида чорва молларини автоматлаштирилган равишда сўйиш ҳамда гўшт ва гўшт маҳсулотларини сотиш бўйича намунавий мини-комплексларни ташкил этиш мақсадида давлат дастури доирасида бунёд этилган эди. 2015 йил 2 июлда комплексни қуриш учун ер майдони танлаб ажратишга ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга рухсат бериш тўғрисида собиқ шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи У.Солиев имзоси билан қарор чиққан эди.

Лойиҳага кўра, дастлаб замонавий кушхона бунёд этилиб, иккинчи босқичда тайёр чарм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи линиялар ишга туширилиши керак эди. Тадбиркор томонидан ушбу мақсадларни амалга ошириш учун 2015 йилда тижорат банкидан 1 миллиард 750 миллион сўмлик кредит олинган бўлиб, кушхона тўлиқ қуриб битказилди. Бугунги кунда олинган кредитнинг фақат 400 миллион сўми қопланган, холос. Тадбиркор томонидан ҳар ойда 57 миллион сўмдан кредит фоизлари тўланмоқда.

2017 йил 20 декабрда Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев “Ёрбоши” корхонасига қуриб битказилган бино-иншоатни фойдаланишга қабул қилиш ҳамда эгалик ҳуқуқини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.  

Бироқ, орадан уч ой ўтиб шаҳар ҳокими ўз қарорини бекор қилишга аҳд қилди. 2018 йил 22 март куни 330-қ сонли қарор билан Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев тери маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш ва гўшт маҳсулотларини сотиш, савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда тайёр тери маҳсулотларини чет элга экспорт қилиш базасини қуриш учун ажратиб берилган ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилди.

Бу ҳам етмагандай, 2018 йил 6 июлда ҳоким Андижон шаҳар “Қурилиш материаллари бозори” МЧЖга шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган ушбу ер майдонини замонавий лойиҳалар асосида қурилиш материаллари бозори ташкил этиш учун танлаб ажратишга ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлашга рухсат бериш тўғрисида қарорни қабул қилди.

Хўш, шаҳар ҳокими нега давлат дастури доирасида бунёд этилаётган корхонага ажратилган ерни қайтариб олди? Давлат дастури ижросини таъминлаш учун миллиардлаб маблағ сарфлаган тадбиркорнинг вақти ва имкониятларини йўққа чиқаришининг сабаби нима? Тадбиркор қуриб қўйган замонавий бино энди бузиб ташланадими? У бузилса, тадбиркорга у сарфлаган харажатларга тенг равишда товон тўланиш масаласи ҳал этиладими? 

“Ёрбоши” корхонасини кўздан кечирар эканмиз, унинг ёш раҳбари, тадбиркор Абдуқаххор Дадабоев билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, мазкур масала юзасидан вилоят ҳокими билан бир неча бор учрашишга ҳаракат қилган, аммо қабулига кира олмаган. Бир неча миллиард сўм эвазига барпо этилган бино бузиб ташланса, хонавойрон бўлишини айтиб ўксинди. Чунки ернинг “янги эгалари” аллақачон эшик қоқиб келишмоқда.  

Маълумотларга қараганда айни пайтда тадбиркор туркиялик ҳамкорлар билан чармни қайта ишлаш ва тайёр чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қиймати 2 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа устида музокаралар олиб бормоқда. Бироқ турк ҳамкорлар ернинг олиб қўйилгани ҳақидаги хабардан сўнг мазкур ҳамкорликка ишончсизлик билдирмоқдалар. Бундай тушунарсиз ҳолат инвестиция киритиб қўйилгач ҳам бўлмайди, деб ким кафолат беради, деб сўрашмоқда?

Аҳамиятли жиҳати, “Ёрбоши” замонавий кушхонасининг ери тортиб олиниб, “Қурилиш материаллари бозори” МЧЖга бозор ташкил этиш учун  қарор чиқарилган.

Наҳотки, тадбиркор шунча сарф-харажатига куйиб қолса? Биз шаҳар хокимидан мазкур ҳолат бўйича изоҳ олишга уриндик. Шаҳар ҳокими билан учрашдик. Унинг айтишича, ушбу майдондан мақсадли фойдаланилмаган. Кушхона қуриш учун берилган ерга тадбиркор томонидан ўзбошимчалик билан қурилиш материаллари бозори ташкил қилинган. Тегишли ташкилотларга ариза келиб тушган. Ишчи гуруҳ бориб текширган. Ердан мақсадсиз фойдаланилганлиги ҳолати тасдиқланган. Шунинг учун ҳам тадбиркорнинг ерга эгалик ҳуқуқи бекор қилиниб, шаҳар ҳокимлиги захирасига олинган. Яна президент ташрифи чоғида уйсиз фуқаролар учун намунали уй қуриш вазифаси топширилган. Бу лойиҳанинг бир қисми эски ёғоч бозорига қурилиши белгиланган. Тадбиркордан олиб қўйилган ерга эски ёғоч бозори кўчирилган, деб айтди Андижон шаҳар ҳокими биз билан телефон орқали бўлган суҳбатда.

Ҳокимнинг қароридан норози бўлган тадбиркор ушбу қарорни бекор қилишни сўраб талабнома киритган эди. Бироқ талабнома эътиборсиз қолдирилган ва унга жавоб берилмаган. Шундан сўнг корхона раҳбари ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб Андижон шаҳар маъмурий судига даъво аризаси киритган. Ҳозирда тадбиркор одил судлов мазкур муаммони холисона кўриб чиқиб, адолатли қарор қабул қилишига катта умид қилмоқда.

 “Ўзчармсаноат” уюшмасининг маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили 12 миллион дона жонлиқ сўйилмоқда. Дастурда белгиланган юздан ортиқ корхонадан атиги 33 таси ишламоқда. Бу кушхоналарда тахминан бир йилда 500 мингта мол-қўй сўйилмоқда. Хўп, майли уларнинг ҳисоби бор. Хусусий қассоблар томонидан тиғ тортилаётган 11 ярим миллион бош чорванинг териси қаерга гум бўлмоқда? Кушхона тўла қувват билан ишласа ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида сифатли тери олиниб, қайта ишлаш имконияти пайдо бўлади. Демакки, қўшимча бюджет тушумлари шаклланади.

Маълумки, 2018 йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди эди. Ушбу қарор мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш ва соҳа тадбиркорларининг ҳуқуқ ва манфаатларини янада кўпроқ ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Умид қиламизки, мазкур масала Президентнинг юқоридаги қарори ижросини назорат қилиш учун бевосита  масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси (С.Р.Холмурадов), Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори (О.Б.Муродов) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари (Б.М.Мавлонов)нинг эътиборидан четда қолмайди.   

“Кун.уз” сайти эса воқеалар ривожини кузатади.

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид