16:05 / 21.07.2018
197325

Фарангиз Режаметова ҳалок бўлган ЙТҲ ҳақида расмий маълумот берилди

Фото: Facebook/Фарангиз Режаметова

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳаётдан кўз юмган истеъдодли актриса Фарангиз Режаметовани Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги пиёдалар ўтиш жойида Mercedes-Benz машинаси уриб кетган. Ҳодиса 20 июль куни соат 21:15 атрофида юз берди. Машинани 23 ёшли У.Э. бошқараётган бўлган, у жабрланувчини касалхонага олиб кетган, бироқ Фарангиз йўлда вафот этган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Воқеага гувоҳ бўлганларнинг сўзларига кўра, ҳайдовчи тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтмоқчи бўлган қизга йўл бермаган.

Ушбу ҳолат бўйича Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси, 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатилган.

Маълумот учун, Фарангиз Режаметова марҳум актёр Тўғон Режаметовнинг набираси, актриса Фотима Режаметованинг қизидир. У Зулфиқор Мусоқовнинг «Ойижон» фильмида бош ролда ўйнаган.

Top