Ўзбекистон | 20:14 / 24.07.2018
10351
2 дақиқада ўқилади

Мурожаатларни вақтида кўриб чиқмаслик жавобгарликка сабаб бўлади

Фото: ЎзА

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг арз қилувчидан мурожаатни қабул қилишни рад этган ёки  давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузган мансабдор шахслар ҳамда хизматчилар жавобгарликка тортилади. 

Давлат хизматлари агентлиги расмий вакилининг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қуйидаги 2 та модда, яъни 215(5) ва 245(5) моддалари билан тўлдирилмоқда.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга қуйидагилар ҳақли:

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ва унинг ўринбосарлари;

- Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари.

Маълум қилинишича, эндиликда давлат хизматлари кўрсатиш чоғида мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузганликда, арз қилувчидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олганликда, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг қонуний талабини (топшириғини) бажармаганликда ифодаланган тарзда бузилиши, — мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — мансабдор шахсларга ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид