Жаҳон | 09:23 / 25.07.2018
131992
5 дақиқада ўқилади

Ақтўбе фожиасининг янги тафсилотлари маълум бўлди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 52 нафар ўзбекистонлик йўловчининг ҳаётига зомин бўлган автобус иши бўйича суднинг дастлабки мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Спутник Қозоғистон хабар бермоқда.

Фожиа 18 январь куни Самара – Чимкент йўлининг 1068 километрида, Ақтўбе областининг Иргиз туманида, Калибай посёлкасидан 10 километр масофада соат 10:30да рўй берган. 57 нафар йўловчига эга бўлган автобус ёниб кетган, натижада 52 нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлди. Омон қолганлар орасида қозоғистонлик уч ҳайдовчи, шунингдек, Ўзбекистондан икки йўловчи бор.

52 кишининг ўлимида ким айбланмоқда?

Ҳайдовчилар Максат Пернебеков, Нуржан Қирғизбоев ва Барат Танатаров ёнғин хавфсизлиги қоидалари, улар икки ёки ундан кўпроқ кишининг ўлимига сабаб бўлган, транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузишда айбланмоқда. Жиноят иши 52 томдан ошиб кетди. Фожиада 100дан ортиқ кишилар жабрланувчи, деб топилган. Ҳайдовчиларга 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Саккиз нафар йўловчининг вакиллари ҳайдовчилардан маънавий зарарни қоплаш борасида талаб қўйишган. Улар 600-800 минг тенгени талаб қилишмоқда.

Ҳайдовчилар билан бирга яна икки киши ишда айбланувчи сифатида қайд этилган, улар гаров эвазига озодликка чиқарилган: машъум автобусни рейсга чиқарган механик, - уни автобусни йўналишга техник носозликлар билан юборганликда айблашмоқда - ҳамда автобус тегишли бўлган ташувчи фирма таъсисчиси Нурлибек Телепбаев. Қонун нормаларига кўра, у ўз ходимларининг ҳаракатлари учун жавоб бериши керак.

Ҳайдовчилар фожиадан бир неча кун ўтиб тергов изоляторига юборилди. Улар суд залига шифохонадан махсус қўриқлаш кучлари назоратида олиб келинди.

Ҳайдовчилардан икки нафари – Нуржан Қирғизбоев ва Максат Пернебековлар ўз айбларини қисман тан олишди.

Автобусда ёнғин қандай келиб чиққан?

Нуржан Қирғизбоевнинг айтишига қараганда, ўша куни ёнилғи қуйиш шохобчасида уларга сифатсиз солярка қуйишган. Қаттиқ совуқдан солярка двигателда музлаб қолган. Четга чиқишга мажбур бўлинган. Автобус ҳайдовчилари ўткинчи автобуслардан ёрдам олишга умид қилган. Қирғизбоевнинг терговда айтишича, автобус салони тез совий бошлаган. Ҳайдовчиларда машина моторини оловли пайвандлагичда иситиш ғояси пайдо бўлган, бироқ, Қирғизбоевнинг сўзларига кўра, Максат Пернебеков бундан бош тортади, сабаби бу жуда хавфли бўлган. Қиргизбаев йўловчиларга раҳми келиб, оловли пайвандлагични ёқиб салон ичига қўйган.

Шу пайт ҳайдовчилар йўлдан ўтаётган автобусни кўриб қолиб, ундан ёрдам сўраш мақсадида автобусдан тушишган. Айнан қарама-қарши йўналишдаги автобус ҳайдовчиси Setra салонидаги тутунни пайқаб қолади. Қирғизбоевнинг сўзларига қараганда, ёнғинга автобус ичида икки йўловчи орасида жанжал келиб чиқиб, уларнинг бири жаҳл устида оловли пайвандлагични тепиб юборгани сабаб бўлган. Лампа қулаб тушиб, салонда ёнғин бошланган. Жанжални бошлаган йўловчи, яна беш нафар омон қолган шахс қаторида ёнғиндан қутулиб қолган. Шифокорлар унинг фақат оёғи куйганини аниқлашди.

Ҳайдовчилар эшикни очганида, салонга кислород кирган, шунинг учун автобус салонидаги олов янада кучайиб кетган. Бу йўловчиларга автобусдан чиқиб олиш имконини бермади, бундан ташқари, транспортда юк кўп бўлган. Автобус икки қаватли эди, йўловчилар иккинчи қаватда, юклар эса - биринчисида бўлган.

Автобус тўлиқ ёниб кетиши учун 7 дақиқа вақт етарли бўлган.

Адвокатлар суд мажлислари Иргиз туман судида эмас, балки Ақтўбе шаҳар судида кўриб чиқилишини сўрашган. Адвокат Нуржамол Ажигалиеванинг сўзларига кўра, қонун иш судланувчиларга айблов қўйилган жойда тергов қилинишига рухсат беради. Бу эса Ақтўбеда бўлган.

“Бундан ташқари, Ақтўбедан Иргизгача 600 километр, иккинчидан Иргизда жабрланувчилар ва суднинг бошқа иштирокчиларини жойлаштириш учун меҳмонхона ҳам йўқ”, - деди адвокат судья Серик Махамбетовга.

Суд ишни Ақтўбега юборишдан бош тортди ҳамда кейинги мажлисни еттинчи августга белгилади. Бироқ, ҳимоячилар унинг рад жавобига шикоят хати билан чиқишмоқчи. Уларнинг сўзларига кўра, катта шов-шувга сабаб бўлган бу ишни камроқ шовқин юзага келиши учун туманда кўриб чиқишмоқчи. Ҳимоячиларда терговчилар ва прокурорларга ҳам саволлар кўп. Масалан, нега автобус салонида лампани тепиб юборган ўша йўловчи судланувчилар орасида йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 18 январь куни Самара – Чимкент йўлининг 1068 километрида, автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлган эди.

Аввалроқ, Ақтўбеда 52 нафар ўзбекистонликнинг ҳаётига зомин бўлган машъум автобус иши бўйича суд бошлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид