Жаҳон | 20:10 / 25.07.2018
3901
2 дақиқада ўқилади

ЕИ суриялик қочоқларни ўқитиш учун Туркияга 400 млн евро ажратди

Фото: AFP

ЕИ Туркия ҳудудидаги суриялик қочоқларни ўқитиш учун 400 млн евро ажратди. Бу ҳақда Еврокомиссия расмий вакили Александер Винтерштайн маълум қилди. Бу пуллар 3 млрд евролик ёрдам дастури ҳисобига ажратилган бўлиб, бунинг эвазига Анқара мигрантлар учун ЕИ чегараларини ёпади.

"Еврокомиссия туркиядаги суриялик қочоқлар таълими учун 400 млн евро миқдорида янги ёрдам пакети ажратишни маъқуллади. Бу ЕИнинг Туркиядаги қочоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси учун Туркияга 3 млрд евро ажратиш тўғрисидаги келишувнинг биринчи тўлови", - деди у.

ЕВ вакили журналистларнинг Брюссел қочоқларнинг уйларига қайтишлари учун ҳам пул ажратиши мумкинлиги ҳақидаги саволларига жавоб бера олмади. Бунинг ўрнига у қочоқларга ёрдам дастурини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

"Бу таълим учун йўналтирилган жуда муҳим лойиҳа ва бу маблағни Туркия ҳукуматига эмас суриялик қочоқлар эҳтиёжи учун ажратганимизни англаш лозим", - деди у.
Еврокомиссия баёнотига кўра, 400 млн евро бевосита тўлов сифатида Туркия таълим вазирлиги ҳисобига ўтказилади.

ЕИ ва Туркия 2015 йилги миграцион инқироз пайтида келишув имзолаган бўлиб, унга кўра Евроиттифоқ Анқарага 3 млрд евро тўлаши ва Туркия фуқаролари учун визасиз режим ҳамда мамлакатнинг ЕИга кириши борасидаги музокараларни фаоллаштириши лозим эди. Туркия бунинг эвазига Европага Суриядан мигрант ва қочоқларни ўтказмаслик мажбуриятини олганди.

Мавзуга оид