Ўзбекистон | 21:00 / 25.07.2018
75053
9 дақиқада ўқилади

«Тўрт чегара постидан ўтиб...» Сўх анклавидан репортаж (1-қисм)

Узоқ вақтдан бери Ўзбекистоннинг анклав ва эксклав, яъни  ҳудудини юз фоиз бошқа мамлакат ери ўраб турувчи Фарғона вилояти, Сўх туманига бориб, ўқувчилар учун аҳолининг турмуши, бугунги куни ва муаммолари ҳақида мақола тайёрлашни режалаштирган эдик. Ниятимиз ёзнинг иссиқ кунларида амалга ошди.  

Келинг, аввал сиз билан “анклав” атамасига ойдинлик киритиб олсак... Анклав (франц. enclave, лот. inclavare — қулфлаб олиш) – бир давлатнинг ҳамма томондан бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинган ҳудуди ёки ҳудудининг бир қисми. Фарғона вилоятига қарашли Сўх, Чўнғара, Шоҳимардон, Қалача ҳудудлари Ўзбекистон эксклавлари бўлиб, Қирғизистон Республикаси учун анклав ҳисобланади.

Сўхдан KUN.UZ таҳририятига келган мурожаатларда туманга оммавий ахборот воситалари вакилларининг кам қадам босиши ҳақида ёзишган. Биз бўлса, ўзбекистонликларнинг ўз юрти туманига бориши учун жуда мураккаб чиғириқли йўл босишини тасаввур ҳам қилмаган эдик.

Саёҳатимиз ростдан ҳам таассуротларга бой ва қизиқ кечди.    

Чегара машмашаси ва ундан ўтиш учун “билет” олганимиз ҳақида..

Фарғона шаҳрининг қоқ марказида, тўғри Сўхга қатнайдиган таксилар турадиган жой бор экан. Ҳамма жойда бўлгани сингари уни ҳам маҳаллий тилда “питак” деб аташади. Эрталаб соат тўртда ўша йўналишда қатновчи таксичига телефон қиламиз. У : “Одам олмай кутиб тураман. Сўхга бориш, бир кишига 25 минг сўм”,-дейди. Юз километр йўлга 25 минг сўм, қиммат эмас... Тасвирга олиш ускуналаримиз борлиги учун  битта йўловчи камроқ олишини айтиб, келишдик.

Дуони қуюқ қилиб, Фарғонадан Водил қишлоғи томон йўлга чиққанимизда соат тўрт бўлганди. Водилгача бўлган масофа 20-25 километрни ташкил қилар экан. Вилоят марказидан Сўхгача бўлган масофа эса 110 километр.

Водий халқи эрта уйғонади. Саҳар бўлишига қарамай, тонгда кўчалар гавжум. Водилдаги чегара постида эса тумонат одам экан. Тонгда ўтувчилар оқими деярли фақат бир томонга, яъни Қирғизистон  тарафга эди. Мазкур пост орқали Сўх ва Фарғона туманларининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига ҳам ўтилади.

Чегара постига боргач, машинамиз турнақатор навбатга қўшилди. Биз ҳам узундан-узун навбат кутиб турган одамлар қаторидан жой олдик. Навбатда турганларнинг катта қисми Шоҳимардонга ҳордик чиқариш учун кетаётганлар экан.

Эшитганимиз бор, Сўхга етиб бориш учун энг даҳмаза жараён айнан чегарадан ўтиш. Ундан ўтиш учун уч-тўрт соат, баъзида эса беш соатгача вақт кетади.

Ўзбекистон чегарасидан ўтишда бизга  журналист эканлигимиз асқотди. Божхона ходимлари ва навбатда турган кишилар ҳам ҳайрихоҳлик билан навбатни олдига ўтказишди. Биз ўтирган таксига ҳам навбатсиз ўтиш имконини беришди. Шунинг учун чегара ва божхона ходимларимизга раҳмат айтдик.

45 дақиқа оралиғида “Водил” постидан паспортимизга муҳр бостириб, нейтрал ҳудуддан ўтгач, Қирғизистон томонидаги Боткен чегара постидаги гавжум навбатга қўшилдик.

Ўз сарҳадимиздан чиққач, қўшни давлат чегара ходимларининг рўйхуш бермай қиладиган муомаласи остида бир ярим соатча панжарали ўтиш жойида турардик. Панжара ҳар замонда очилиб 10-15 нафар киши қўйилади. 200 чоғли навбатда турган пайтимиз қариндошларникига азага кетаётган кишиларни олдинга ўтказиб юборишганини гувоҳи бўлдик. Одамлар билан суҳбатлашиб, анча-мунча маълумотлар тўпланди.

Ва ниҳоят навбат бизга келиб, паспортимизни қўлга олганча, қўшни давлат чегарачиларига рўбарў бўлдик.

Чегарада уч нафар алоҳида енгил конструкцияли биночалар ва уларда паспортингизни компьютерга солиб текширувчи ходим ўтирар экан. Тасвирчимиздан сўнг навбат келиб, ходимга паспортни узатдим. У бир дақиқа текширгач, аста: “Билет бер-чи?” дейди. Орқамдаги киши туртиб: “Беш минг беринг, қўлига..” дея пичирлади.  Пулни киссадан олиб унинг қўлига узатгач, паспортимга “гуп” этиб муҳр босилди. Ва мен чиқиш йўлаги томон юрдим.

Чегара ҳудудида суратга олиш мумкин эмас. Бу амал қатъий тақиқлангани ҳақида плакатлар турибди. Қўшни давлат чегарасидаги энг кўп билдиргилар чегарада коррупцияга йўл йўқ эканлиги ҳақида(?).

Тасвирчимиз ҳам “билет” дея аталмуш “ўлпон” тўлабди.  Шанба ва якшанба кунлари бу постдан 3 мингдан зиёд аҳоли ўтади. Таксичиларнинг ҳам ҳар куни алоҳида “билет” олиши бор.“Айтдим, қўйдимда-а..” Муомалалари ҳам ўта қўпол бўлганига узоқ тўхталиб ўтмадим. Бу ердан ҳар куни ўтадиганларга тўзим берсин...

Икки ярим соат деганида чегара тўсиғидан ўтиб, панжарали йўлакчадан Боткен вилоятининг Қадамжой районига чиқдик.

Тоғлар, даралар.. Машинадан тушишга рухсат эса йўқ

Воҳада йўл юрганингизда ҳар икки томонингизда текислик қанча кўп бўлса, Боткендан ўтадиган Сўх йўлида тоғ бундан кўпроқ экан.

Ўзингизни пашшадан ҳам кичик эканлигингизни ҳис этишга мажбур қиладиган жудаям катта тоғлар. Тўғриси, жуда чиройли манзаралар.  Ҳаво ҳарорати ёз кунида тандирга ўхшаб қизиб турган Наманган ва Фарғонадан 10 даража паст. Одамлар бежиз, тоза ҳаво ва салқин жой излаб Шоҳимардон томон ошиқишмас экан!

Такси ҳайдовчиси дилкаш киши. Манзилга етиб боргунча  уни саволларга кўмиб кетдик. Йўлнинг транзит эканлиги ёмон. Бирор жойда тўхташ ва суратга олиш мумкин эмас. Нега ундай, билмадик? Йўллар биздагидек кенг эмас. Сифати ўртача ва ёмон.

Энг мураккаби Сўхга борувчилар Айдарконга яқин жойда, маҳаллий ёзилмаган қонунларга асосан ярим соат - 10 километр ўта нотекис, худди тикондек тошлар “ўсиб” чиққан расво йўлни босиб ўтиши шарт экан. Ҳайдовчининг айтишича, аҳоли яшайдиган текис йўлдан юриш муаммолар туғдиради. Аслида, сўхликлар юриши маън қилинган ўша йўл беш дақиқада босиб ўтилади. Ўша йўлни  суратга олдим.

 

Қадамжой табиати жуда гўзал туман. Айдаркон шаҳри, турли овулларни томоша қилиб кетяпмиз. Йўлда машинадан тушмадик ва аҳоли билан суҳбатлашиш имкони йўқ. 70 километр тоғ, довон, даралар орасидан ўтиб, Сўхга ўтиш жойидаги яна икки давлат чегара постларига етиб келдик.

Бу икки чегара пости гавжум эмас ва чегарачилар жуда хушмуомалалик билан мулоқот қилишди. Деярли 20 дақиқада яна бир жуфт чегара постини босиб ўтиб, Сўхга кириб бордик.

Сўхдамиз

Тоғлар орасида, ҳудудини юз фоиз бошқа давлат сарҳадлари ўраб турган Сўх туманини табиатини таърифлаш учун киши шоир бўлиши керак.

Баланд маҳобатли тоғлар, тип-тиниқ зилол сувлар, ям-яшил боғлар, дилкаш ва меҳнатсевар инсонлар яшайдиган замин.

Такси ҳайдовчиси: “Агар, туманимизнинг бугунги куни, инсонлари ва муаммоларини ёзаман деб келган бўлсангиз, кечгача пул олмасдан бирга юраман” дейди. У киши Сўхнинг энг катта муаммосини уч-тўрт бор такрорлаб келди. Бу ҳақда алоҳида гаплашамиз...

Туман аҳолиси сони 80 минг нафарни ташкил этади. Ҳудудда 27 та маҳалла фуқаролар йиғини, 29 та мактаб, йигирмадан ортиқ боғча, учта коллеж, Марказий шифохона ва кўплаб ФАПлар ишлаб турибди. Сўх марказидан энг узоқ қишлоқ Ғазнобгача 40 километр.

Сўх картошкасининг эса водийда донғи кетган. Туманда   1900 гектар экин ер майдони бўлиб, пахта экилмас экан. Фермер хўжаликларида ғалла, картошка ва бошқа сабзовотлар етиштирилади.

Туман маркази гавжум, маъмурий бинолар замонавий архитектура услубида қурилган. Бозори ҳам файзли.

Биз тўғри халқ қабулхонасига кириб бордик. У ерда бизни қабулхона раҳбари Маъмиржон Ботиров ва Маҳалла Кенгашининг кексалар ва фахрийлар масалалари бўйича ўринбосари Камолиддин Азизовлар кутиб олишди.

Шу ерда Сўх сафари ҳақидаги мақоламизнинг биринчи қисмига якун ясаймиз. Аждодларимиз достончи ўтгани рост бўлса керак.. Жуда чўзилиб, кетди. Видеолавҳаларни ҳам кейинги сафарга қолдирдик.

Навбатдаги материалда анклав ҳақидаги янада қизиқроқ маълумотлар ва Сўхнинг энг асосий муаммосига тўхталамиз.       

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири
Фарғона-Боткен -Сўх

Мавзуга оид