Жамият | 12:54 / 28.07.2018
6018
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги қабристонларнинг санитария ҳолати яхшиланади

Фото: qadamjo.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридаги қабристонларни санитария ҳолатини яхшилаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент шаҳридаги қабристонлар майдонларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ва қабристонларнинг санитария ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси маъқулланиши мумкин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфига бузилиш ҳисобига бўшайдиган тегишли ер участкаларини қабристонлар учун истисно тарзида ажратиб берилиши таъминлайди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги:

Тошкент вилояти ҳокими қарори билан Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфига Зангиота тумани “Тарнов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 1-босқичда 50,0 гектар, 2-босқичда 50,0 гектар ер майдони қабристон учун истисно тарзида ер участкалари ажратиб берилади.

Тошкент шаҳридаги қабристонларни санитария қоидалари талабларига мувофиқ ҳолда сақлаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилишини таъминлаш ва аҳолига кўрсатиладиган махсус транспорт хизматлар сифатини ошириш, ўз хизмат муддатини ўтаган ҳамда эскириб қолган автотранспорт воситалари ва махсус техникаларни янгилаш мақсадида Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасини 2018-2020 йилларда зарур автомашина ва механизмлар билан таъминлаш дастури тасдиқланиши мумкин.

Тошкент шаҳридаги қабристонларни кенгайтириш ва Тошкент вилояти ҳудудидан Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси тасарруфига ажратилаётган ер майдонлари нобудгарчиликлар жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар ўрни белгиланган тартибда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг ҳар чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган даромад қисми маблағлари, захира жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:

“Toshshaharnur” давлат унитар корхонаси балансида бўлган Тошкент шаҳри қабристонлари ҳудудида жойлашган мавжуд ташқи ёритиш тармоқларини Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси балансига беғараз равишда топширилишини;
Бунда, Тошкент шаҳри қабристонларидаги ташқи ёритиш тармоқларини таъмирлаш ва энерготежамкор ёритгичларга алмаштириш хамда барча мавжуд қабристонларга ташқи ёритишда сарфланаётган электр-энергияси ҳисоблагичларини ва уларни бошқариш яшикларини алоҳида қилган ҳолда “Toshshaharnur” давлат унитар корхонаси томонидан Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига босқичма-босқич топширилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид