Жаҳон | 10:37 / 30.07.2018
48366
4 дақиқада ўқилади

Блогер СССРнинг афғон урушидаги жиноятлари ҳақида гапириб берди

Фото: Максим Мирович

Беларуслик блогер Максим Мирович СССРнинг афғон урушидаги иштироки ҳақида аввал маълум бўлмаган баъзи маълумотлар билан ўртоқлашди. У бу маълумотларни твиттердаги ўз саҳифасида эълон қилган.

Мирович тарихий маълумотлардан бошлаган. Унинг маълум қилишича, СССР ҳукумати уруш бошланишидан анча олдин Афғонистонга қўшин киритишни режалаштирган.

«Аслида, Совет иттифоқи 1979 йилгача Афғонистонга қўшин киритиш ғояси ҳақида ўйлаган. Бунинг учун СССРдан Кобулга Саланг довони орқали «Шурави йўли» қурилган. Уни Москва метрополитени ишчилари қурган», - дейди у.

Блогернинг таъкидлашича, Кобулдаги бир неча ўн йиллар аввал вайрон қилинган кўпгина саройлар ҳали ҳам тикланмаган.

«Кобулдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида йўқ қилинган Дорул Омон ва Тож Бек («Амин саройи») бугунги кунгача тикланмаган. Фақат яқинда таъмирлаш ишлари бошланди (уларни Франция компанияси олиб боряпти), саройларга терактлар хавфи туфайли 500 метрдан яқин масофага бориш мумкин эмас», - дейди блогер.

Мировичнинг сўзларига кўра, совет журналистлари СССР аҳолисини Афғонистонда ҳарбийлар инфратузилма қураётганига ишонтириб келган.

«СССР оммавий ахборот воситалари (айниқса, 1987 йилгача) Афғонистондаги уруш ҳақида ҳеч нарса гапирмаганлар - фақатгина «бизнинг аскарларимиз у ерда уйлар ва йўллар қурмоқда», деган сўзларни ишлатиб келишган. Бунда Кобулда совет мутахассислари томонидан қурилган уришдан аввалги йиллардаги мавзелар кўрсатилган», - дейди у.

Шунингдек, у 80-йилларда ҳарбий хизматчиларнинг кийим-кечаги ва жиҳозлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирди.

«1980-1981 йиллардан сўнг, ҳаво десант қўшинлари ва махсус топшириқли гуруҳ асосий ҳарбий қисмларга айланди - улардан, дарвоқе, оддий пиёда аскарлар сифатида фойдаланилган. Оддий рюкзаклар, юк тушириш воситалари ва формалар бўлмаган - махсус топшириқли гуруҳ кимёвий ҳимоя комплектидан шундай костюмларни кийиб юрган», - деб ёзади блогер.

Унинг билдиришича, нормал оёқ кийимлари ҳам бўлмаган - аскарлар «адидас» кроссовкалари ёки «икки тўп» кедаларини кийишган - уларни маҳаллий ҳарбий савдо дўконларида рубллар ёки чекларга харид қилиш мумкин бўлган. Устав билан белгиланган пойабзал фақат қисмда кийилган, бу ҳам жуда камдан-кам ҳолатларда кузатилган.

«СССР ҳарбий мутахассислари йиллар давомида танкларнинг янги моделларини ишлаб чиқишди, аммо тушириш жилети каби оддий нарса ҳақида ўйлашмаган. Натижада, аскарлар бундай нарсаларни сузиш жилетларидан ўзлари тикиб юришган», - дейди у.

Блогер СССРни қўшинлари кўплаб ҳарбий жиноятлар содир этганликда, шу жумладан минглаб фуқароларни ўлдирганликда айблади.

«СССР Афғонистонда кўплаб ҳарбий жиноятларни содир этган. Рух қишлоғи газ қуроли ёрдамида бомбардимон қилинган, бу советлар заставаси яқинидаги барча жонли мавжудотни йўқ қилиш мақсадида амалга оширилган. Қўшинларни олиб чиқиш вақтида эса, Саланг довонида тинч аҳоли вакилларидан 1500 нафари «шунчаки» ўлдирилган», - дейди блогер.

Мирович СССР армиясининг ҳарбий танк кучига ҳам шубҳа билан қаради.

«Шуниси қизиқки, Афғонистон СССРнинг «танк қудрати»га оид барча ҳикоялари ўйлаб чиқарилганини кўрсатиб берди. У ерда эски қуроллар билан жанг қилишган - мен у ерда Т-55 ва ҳаттоки Т-34’ни учратганман», - деган блогер.

Мавзуга оид