17:53 / 31.07.2018
32244

На Гризманн ва на Неймар. «Реал» ва «Барселона» кимларни сотиб олди?

Навбатдаги трансфер бозори жуда қизғин бўлиши кутилганди. Биринчидан, футбол наҳанглари «Реал» ва «Барселона»да навбатдаги авлодлар алмашинуви, Англия грандлари доимий пойгани давом эттирмоқда, бунинг устига, жаҳон чемпионатидан кейин бир қатор юлдузларнинг мунозаралар марказига чиқиб олишлари тахмин қилинганди.

Антуан Гризманн, Эден Азар каби футболчиларнинг трансферлари ҳал бўлгандек, Кейн, Салоҳ, Алли, Дибала, Мбаппе каби янги давр юлдузларининг ҳам клуб алмаштириши кутилаётганди.

Амалда эса Криштианунинг кутилмаганда Туринга келиб қолганини айтмаса, бу сафарги трансфер бозори сокинлик билан ўтмоқда. Гризманн «Атлетико»да қоладиган бўлди, «ПСЖ» ёки Англия клубларидан юлдузларни тортиб олиш энди ҳатто «Реал»га ҳам осон иш эмаслиги кўриниб қолди. Натижада, биз испан грандларининг бир қатор кутилмаган трансферларига гувоҳ бўлдик.

Бир қараганда, у қадар жалб қилмайдиган оддий трансферлар, аммо яхшилаб назар солсак, бу ёш футболчилар нафақат келажакда, балки шу мавсумдаёқ ёрқин ўйин кўрсатишлари ва футбол оламининг янги юлдузларига айланишлари мумкин.

АРТУР («Барселона») – 31 миллион евро

Название

«Барселона»нинг мавсумолди илк назорат ўйини «Тоттенҳэм»га қарши кечди. Бу учрашувда жамоанинг деярли барча етакчи футболчилари майдонга тушмаган бўлса-да, мухлислар ўйинни қониқиш билан тарк этишди дейиш мумкин. Чунки жамоа сафига энди келиб қўшилган Артур дебют ўйинидаёқ жуда чиройли гол киритиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди. Иньеста, Паулиньо каби футболчилардан айрилган «Барселона» учун бу ёш футболчи яхшигина ўринбосар бўлиши мумкин. Тўпни муомала қилиши, пас маданияти бўйича Артур худдики бир умр «Ла Масия» ўйнаб юргандек таассурот қолдирди.

Артур Энрике Рамос ди Оливейра Мело. 1996 йилда туғилган. Марказий ярим ҳимоячи.

«Гояс» клуби тарбияланувчиси 19 ёшида «Гремио» академиясидан жой олди, орадан бир йил ўтиб эса, Луиш Филипе Сколари футболчини асосий таркиб ўйинларида синаб кўра бошлади. 2017 йилдан эса, у «Гремио»нинг асосий футболчиларидан бирига айланди. Тўпни яхши назорат қила оладиган, майдон марказидаги яккакурашларда беназир бўлган Артурни испаниялик ярим ҳимоячилар – Андрес Иньеста ёки Тиаго Алкантарага қиёслашади.

Демак, Иньестага ўринбосар қидирган «Барселона» учун Артур айни муддао бўлиши мумкин. Либертадорес кубоги соҳиби бўлган Артур билан келишув шу йилнинг мартидаёқ амалга ошганди. «Барселона» Бразилия клубига футболчи учун 31 миллион евро беришга рози бўлди. Бундан ташқари, каталонияликлар яна 9 миллион евро турли бонуслар шаклида тўловлар қилишлари мумкин.

Артур Бразилия терма жамоасига номзодлардан ҳисобланади. Селесао таркибида дебют қилиш ҳали насиб этмаган бўлса-да, ёш ярим ҳимоячи ўтган йили Тете томонидан йиғинларга жалб қилинган.

АЛВАРО ОДРИОСОЛА («Реал») – 30 миллион евро

Название

Одриосолани аксарият футбол мухлислари айнан «Реал»га трансфер қилинганидан сўнг таниган бўлишса-да, Ла Лигани яқинроқ кузатадиганлар учун бегона ном эмас. Испания терма жамоаси собиқ бош мураббийи Лопетеги 2018 йилги жаҳон чемпионатига борадиган таркибда ўнг қанот ҳимоясига иккинчи номзод сифатида Эктор Беллеринни эмас, айнан Алварони танлаганининг ўзиёқ кўп нарсадан далолат беради. Лопетеги «Реал»га келгач эса, унинг илк трансферларидан бири айнан Одриосола бўлди.

Мадридликлар 22 ёшли футболчи учун турли бонуслардан ташқари 30 миллион евро тўлашди. Баъзи манбаларда ҳатто 40 миллион евро ҳақида ҳам гап бормоқда. Агар у асосий таркибда ўйнаб кетса, трансфер қийматига яна 5 миллион евро қўшилиши мумкин. Ўтган йили баъзи ўйинларда Карвахал жароҳат олган пайтда, унинг ўрнида аслида марказий ҳимоячи бўлган Начо майдонга тушганди. Энди ушбу чизиқ учун рақобат янада аёвсиз бўлиши шубҳасиз. 

Алваро 1995 йилнинг декабрида таваллуд топган. Сосьедаднинг «Реал» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2017 йилнинг бошида Ла Лигада дебют қилган ҳимоячи шу-шу жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди ва бир ярим мавсумда 50дан ортиқ ўйинда майдонга тушиб улгурди.

У Россиядаги чемпионатда Испания терма жамоаси таркибида майдонга тушмаган бўлса-да, аввалроқ дебют қилиб улгурганди ва мундиал бошланмасидан ўн кун олдин Швейцарияга қарши ўртоқлик ўйинида гол уришга ҳам муваффақ бўлганди. 2017 йилда Испания ёшлар терма жамоаси билан бирга Европа чемпионатида қатнашиб, кумуш медалга созовор бўлган.

ЖУНИОР ВИНИСИУС («Реал») – 45 миллион евро

Бразилияда уни янги Неймар деб аташмоқда, «Реал»дагилар эса Робиньо билан бўлгани каби омадсизлик юзага келмаслигига умид қилишмоқда.

Ушбу трансфер ўтган мавсум охирида, Жуниорнинг «Фламенго»даги дебютидан ҳеч қанча вақт ўтмасданоқ содир бўлганди ва «Реал» 17 ёшли футболчини яна бироз вақт Бразилияда тажриба тўплашига изн берганди. 2000 йилда туғилган Жуниор Винисиус энди бошқа клубларга ижарага берилмайди, айнан «Реал» таркибида ўсишда давом этади. Шунингдек, ҳали жисмонан етук бўлмаган ва Европа футболига бегона бўлган футболчининг адаптация жараёнини ҳам имкон қадар юмшоқ олиб бориш, керак бўлганда «Кастилья»га юбориб, ўйин амалиётини мунтазам ушлаб туриш, Каземиро, Марсело каби бразилиялик футболчилар ёрдамида Жуниорнинг мослашишига шароит яратиш каби масалалар кўрилмоқда.

«Мураббий мен имкон қадар дарвозага яқинроқ ўйнашим кераклиги ва доимо дарвозабонга хавф солиб туришим лозимлигини айтди», – деди Мадриддаги дастлабки кунларда интервью берган Винисиус.

Жуниор Винисиус позиция жиҳатидан чап қанот вингери ёки ўрни келганда ҳужумчи ҳам бўлиши мумкин. Яъни, қайсидир маънода Криштиану Роналдунинг майдондаги ўрнига мос келади.

5 ёшида «Фламенго» академиясидан ўрин олган болакай юқорида айтилганидек, 2017 йилнинг майида асосий таркибда дебют қилди ва ўша ўйин якунланиши билан клуб билан 2022 йилгача янги шартнома имзолади. Орадан ўн кун ўтиб эса, «Реал» расман Жуниор борасида «Фламенго» билан келишувга эришилганини маълум қилди.  

У Бразилиянинг ҳам турли ёшдаги терма жамоаларида ҳам муваффақиятли тўп сурган. 17 ёшгача бўлган таркибда 22 ўйинда майдонга тушиб, 19 гол урганининг ўзи ҳам Винисиус бекорга Неймар билан тенглаштирилмаётганини кўрсатиб турибди.

МАЛКОМ («Барселона») – 41 миллион евро

Название

Малком Филипе Сильва ди Оливера 1997 йилнинг февралида туғилган. «Коринтианс» тарбияланувчиси бўлган ҳужумкор ярим ҳимоячи юқорида тилга олинган номлардан фарқли равишда, Европада ўзини кўрсатишга ҳам улгурди. Ўтган мавсум бўйи Малком чиройли голлар уришда давом этар, матбуот эса уни гоҳ «Челси»,  гоҳ «Манчестер Юнайтед» ёки «Арсенал» билан боғларди.

Аммо трансферлар ойнаси бошланган пайтда унинг «Рома» билан келишуви, трансфер деярли расман эълон қилинишга яқин қолгани хабарлар кетидан, бирданига футболчи Барселонада пайдо бўлиб қолди. Виллиандан рад жавобини олган каталонияликлар тезкорлик билан ушбу бразилиялик футболчи трансферини 41 миллион еврога ҳал қилишди. «Рома» эса, аэропортда қолиб кетаверди.

«Мен «Барселона»ни фақат улар Мессини бизга беришсагина кечираман», – деди Рим клуби президенти.

Ўз вақтида Малком билан «Боруссия» ҳам қизиққан, лекин у «Бордо» билан келишувга эришганди. Француз клуби уни 5 миллион еврога сотиб олган. Икки йил давомида Малком «Бордо»да порлади, сўнгги мавсумда айниқса, у жамоанинг асосий юрагига айланди, баъзида унинг атиги 21 ёшда эканига ишониш қийин эди.

Чапақай бўлган ҳужумчи асосан ўнг қанотда ҳаракат қилади. Жуда яхши дриблинг соҳиби ва у бу кўрсаткичлар бўйича Францияда пешқадам футболчилар сафида бўлди. Шунингдек, футболчининг узоқ масофадан ҳам кучли зарба бера олиш қобилиятини эътироф этиш керак. Ўтган мавсумнинг ўзида Малком ҳисобида 5та жарима майдони ташқарисидан урилган гол бор. «Барселона» таркибида икки томондан Коутиньо ва Малкомнинг бўлиши асосан «автобус» қўйишга ўрганган рақиблар учун яна бир ноқулайлик туғдиради. Буни «Барселона»нинг яна бир қуролларидан бири дейиш мумкин.

Умуман у икки мавсумда «Бордо» сафида 20 марта рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришган.

Қ.Асланов тайёрлади

Top