12:08 / 31.07.2018
42824

Пропан нархи қайси вилоятда энг юқори суръатда қимматлашгани маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

2018 йилнинг июль ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг 1,7%га қимматлашиши умумий ИНИнинг 0,6 ф.д.да ошишига олиб келди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Автомобиллар учун ёқилғи ҳамда маиший ёқилғи (кўмир)дан ташқари ушбу гуруҳнинг асосий турдаги маҳсулотлари нархлари орасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади.

Кўмир нархининг қимматлашиши йиғма ИНИ ошишига 0,5 ф.д.да ёки умумий ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашишидаги ҳиссаси 83,3%ни ташкил этган.

Таъсир даражаси бўйича иккинчи ўринни автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари орқали сотилувчи ёқилғи, яъни, пропан маҳсулоти эгаллаган. Ой давомида унинг нархи ўртача 19,3%га кўтарилган. Нархлар қимматлашишининг асосий сабабларидан бири, мазкур маҳсулотга нисбатан шаклланаётган биржа нархлари ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари бозорида юзага келаётган ҳолатлар пропан нархининг сезиларли даражада қимматлашишига ўз таъсирини ўтказди. Ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, пропан нархи юқори суръатда Қашқадарё вилоятида (ўртача 1,4 баробарга), паст даражада эса Сирдарё вилоятида (8,1%) қимматлашган.

Жорий йилнинг III чораги давомида инфляция даражасини жиловлаш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, республикада ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш ва корхоналарни модернизация қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулотлар таннархини пасайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида ғишт маҳсулотларининг чакана нархи ўртача 5,0%га арзонлашди. Цемент нархлари эса аксинча, июль ойида ҳам аввалги ойлардаги каби ўсишда давом этмоқда (ой давомида ўртача 2,2%).

Top