Ўзбекистон | 10:49 / 01.08.2018
41964
2 дақиқада ўқилади

Тест-2018. 834 нафар абитуриент тест синовларига келмаган

Фото: Facebook/Азиз Абдуҳакимов

Тест синовлари материаллари Фельдегерлик хизмати, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлар томонидан, уларнинг махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда 31 июль куни республиканинг барча ҳудудларига етказилди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook’даги саҳифасида хабар берди.

Қайд этилишича, 1 август куни эрталаб соат 6:00га қадар барча олий таълим муассасаларига тест материаллари тарқатилган.

Тест синовлари барча олий таълим муассасаларида бир вақтда 8:00дан бошланди. Тест синовларида 15та олий таълим муассасаларининг 50та таълим йўналишида 30 минг 690 нафар абитуриент иштирок этмоқда.

Тезкор маълумотларга кўра, 834 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмаган.

Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан 1681нафар бинолар раҳбарлари гуруҳлар кузатувчилари жалб этилди.

Уларнинг ҳаммаси тест синовлари ўтказиш тартиб-қоидалари ва технологияси бўйича махсус тайёргарликдан ўтган.  

Тест синовлари ўтказиладиган 59та бинода ёнғин ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Абитуриентлар учун тест синовлари ўтказиладиган барча аудиторияларда ичимлик суви ташкил этилган.

Ҳар бир тест синовлари ўтадиган бинода тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилган.

Ички ишлар тизимидан 4 963 шахсий таркиб ходими, 1206та алоқа воситалари, 694та металлодетекторлар, 289та транспорт воситалари тест синовлари жараёни хавфсиз ўтишига жалб қилинган.

Барча тест синовлари ўтадиган биноларда биринчи сменада тест синовлари соат 11:00да якунланади. Иккинчи смена 15.00да бошланади.

Шу куннинг ўзида тест синовлари натижалари Давлат фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига қайтарилади.

Мавзуга оид