Ўзбекистон | 18:40 / 02.08.2018
8703
3 дақиқада ўқилади

Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг асосий вазифалари белгиланди

Фото: LiveJournal

Вазирлар Маҳкамаси “Балиқчилик соҳасидаги илмий фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Ўзбекистон Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги Балиқчилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

балиқчилик тармоғида илмий-тадқиқот ишларининг стратегик йўналишларини ва соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган истиқболли тадқиқот мавзуларини белгилаш;

давлат илмий-техника дастурлари доирасида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар асосида балиқчилик соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан илмий-тадқиқотларни амалга ошириш;

соҳада селекция-наслчилик ишлари, балиқларни озиқлантириш, шунингдек, балиқлар касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тадбирларини амалга ошириш бўйича услубий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;

интенсив технологиялар асосида, жумладан, қафас мосламаларида, ёпиқ айланма сув тизимида, оқар сув бассейнларида, суғориш тармоқлари ва дарё бўйларида балиқ етиштиришнинг инновацион усулларини ишлаб чиқаришга кенг кўламда татбиқ этиш;

балиқчилик тармоғи учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда иштирок этиш, соҳага оид семинар ва тренинглар ўтказиш;

янги инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича хорижий мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Қуйидагилар Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий филиалларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан давлат илмий-техник дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси томонидан балиқчилик соҳасидаги илмий-тадқиқотлар учун ажратиладиган маблағлар;

хўжалик юритиш ва хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар ва донор мамлакатлар грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгиланишича, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий филиалларининг ходимларига республика илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Балиқчилик илмий-тадқиқот институти Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, “Кўшёгоч” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги бинога жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид