Ўзбекистон | 19:00 / 02.08.2018
69771
3 дақиқада ўқилади

Бирданига тўрт туманнинг ҳокими ва сектор раҳбарлари лавозимидан озод этилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ғўза парваришида юзага келган мураккаб вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда ҳосилга ҳосил қўшишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари, айниқса, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 4та сектор раҳбарлари ғўза парваришида агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ўтказиш, шунингдек, ривожланишда орқада қолган майдонларда қўшимча агротехник тадбирларни белгилаш ва амалга оширишда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда икки кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига мазкур вилоятларда ғўза парваришида йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликларни бартараф этишга ҳамда август ойида муҳим агротехник тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаларини киритади.

Ғўза парваришида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги, мавсум давомида хотиржамликка берилиб, агротехник тадбирларни белгиланган муддатда тўғри ташкил этмаганлиги, ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганлиги сабабли Зарбдор (туман ҳокими Н.Қўшбоқов, туман прокурори Ғ.Санақулов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи О.Шерқулов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи М.Саидқулов), Ғузор (туман ҳокими О.Боймиров, туман прокурори С.Нурматов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи К.Искандаров, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи З.Ибрагимов), Боғдод (туман ҳокими С.Зокиров, туман прокурори О.Собиров, туман ички ишлар бўлими бошлиғи А.Сотиболдиев, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ғ.Юсупов), Уйчи (туман ҳокими А.Турдиев, туман прокурори Б.Абдурахимов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Р.Усубжонов, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Р.Атаханов) туманларининг 4та сектор раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Мавзуга оид