Жаҳон | 22:35 / 02.08.2018
3806
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазога газ ва бензин етказиб беришни тўхтатди

Исроил Мудофаа вазири Авидгор Либерман Ғазо секторига газ ва ёқилғи маҳсулотлари етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. ТАСС хабарига кўра, бу қарор чегара ҳудудидаги тўқнашувларда фаластинликлар томонидан оловли шарлар улоқтирилиши кузатилаётгани билан боғлиқдир.

«2 август куни Мудофаа вазири Авидгор Либерман номаълум муддатгача Ғазо секторига олиб ўтувчи «Карим-Шалом» назорат-ўтказув пункти орқали бензин ва газ ташишни чеклади», дейилади вазирлик хабарида.

Исроил «Карим-Шалом» чегара постини 9 июль куни чегарадаги тартибсизликлардан кейин ёпиб қўйганди. 17 июлдан бошлаб бир неча кун давомида ушбу анклавга ёқилғи етказиб бериш тўхтатилди, аммо Мисрнинг илтимоси билан Исроил ҳукумати Ғазо секторига босимни сусайтиришга рози бўлди.

Либерманнинг қайд этишича, «Миср томони сектордан бошқа ракеталар учирилмаслигига ишонтирганди».

«Аммо чегара яқинидаги тартибсизликлар давом этмоқда, шундай экан газ ва ёқилғи етказиб бериш номаълум муддатга тўхтайди», деган у.

Мавзуга оид