Жаҳон | 20:35 / 02.08.2018
10393
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ким Чен Индан навбатдаги мактубни олди

АҚШ президенти Дональд Трамп чоршанба куни КХДР раҳбари Ким Чен Индан янги мактуб олди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс маълум қилди. Аммо у мактуб мазмунини ошкор қилмади.

"Биринчи август куни президент Кимдан президент Трампга мактуб келди. Раҳбарлар ўртасида давом этаётган мактуб алмашишлар уларнинг Сингапурдаги учрашувларини ривожлантиришга хизмат қилади ва Америка-Шимолий Корея баёноти доирасида олинган мажбуриятларнинг бажарилишига қаратилган", - деди Сандерс.

Аввалроқ Дональд Трамп Twitter’да КХДР раҳбари Ким Чен Инга Корея урушида ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлар ҳокининг топширилиши муносабати билан миннатдорлик билдирган ва у билан янги учрашувни "сабрсизлик" билан кутаётганлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни Сингапурда юқори даражадаги АҚШ-КХДР учрашуви бўлиб ўтган, Дональд Трамп ва Ким Чен Ин учрашувнинг якуний ҳужжатини имзолаганди. Ҳужжатга кўра Пхеньян Корея яриморолини тўлиқ ядросизлантиришга тайёрлигини эълон қилган, АҚШ эса КХДРга хавфсизлик кафолатини бериш мажбуриятини олганди.

Мавзуга оид