Жамият | 15:49 / 02.08.2018
69195
2 дақиқада ўқилади

Видео: Қорақалпоғистонда «самосуд». Ўғриликда гумонланувчини қўлидан осишди

Таҳририятимизга Қорақалпоғистон республикаси Беруний туманидан юборилган видеолавҳа келиб тушди. Унда туманнинг Шаббоз деҳқон бозорида инсоннинг таҳқирланиши билан боғлиқ ҳолат тасвирланган. 

Маълум қилинишича, бозорда савдо қилувчилар ўғрилик қилганликда гумонланган шахсни тутиб олишиб, ички ишлар идораларига мурожаат қилиш ўрнига ўзларича жазолашга қарор қилишган. Бир тўда киши уни бозорга киравериш дарвозасига қўлидан осиб қўйишган ва видеотасвирга олган. 

Қайд этиш керакки, кейинги вақтларда «самосуд» ҳолатларини видеога олиб тарқатиш ҳоллари кўпайди. Бундан аввал, Хоразм вилоятида олинган шунга ўхшаш видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Шу ўринда «Kun.Uz» Ўзбекистон фуқароларига шуни эслатадики, ҳар бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, обрўси мамлакат қонунчилиги билан ҳимояланган. Биз ҳуқуқий давлатда истиқомат қилаётган эканмиз, ўғрилик ёки ҳар қандай бошқа ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жазо берувчи давлат идоралари борлигини, ҳеч кимни айби исботини топмагунча исталган фуқаро ўз хоҳиши билан жазолашга умуман ҳақи йўқлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Қонунбузарликда гумон қилинган шахс ушланган тақдирда яқин орадаги ички ишлар идораларига телефон орқали ёки шахсан бориб мурожаат қилиш талаб этилади. 

Шу билан бирга, таҳририят Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар эътиборини жамиятдаги шу каби салбий ҳолатлар ва уларнинг оқибатининг олдини олишга қаратиб қолади. Бундан ташқари «Kun.Uz» мухбири Беруний тумани ИИБ билан боғланиб, воқеага ойдинлик киритишни сўради. Тез орада мазкур воқеа юзасидан расмий изоҳ тақдим этилади.

Мавзуга оид