Жаҳон | 15:35 / 03.08.2018
151079
5 дақиқада ўқилади

Усама бин Лодиннинг онаси биринчи маротаба интервью берди

Фото: David Levene/The Guardian

«Ал-Қоида» террорчилик гуруҳининг асосчиси ва етакчиси Усама бин Лодиннинг онаси Алия Ганем Британиянинг The Guardian газетасига интервью берди. Ҳозир у Саудия Арабистони ғарбида жойлашган Жидда шаҳридаги ҳашаматли уйда Усама бин Лодиннинг укалари - Аҳмад ва Ҳасан ҳамда иккинчи турмуш ўртоғи - Муҳаммад Ал-Аттас билан бирга яшайди.

11 сентябрь воқеаларидан кейин деярли 17 йил ўтгач, Усама бин Лодиннинг оиласининг ҳамон Саудия жамиятида таъсири баланд бўлиб турибди, шунингдек, у подшоҳлик тарихидаги энг ёқимсиз онни эслатади, дея таъкидлайди газета.

«Менинг ҳаётим жуда оғир эди, чунки у [Усама бин Лодин] мендан жуда узоқда эди. У жуда яхши бола эди ва мени жуда яхши кўрарди», - дейди онаси.

Алия Ганемнинг айтишича, Усамани уч ёшидан бошлаб айнан унинг иккинчи турмуш ўртоғи катта қилган.

The Guardian’нинг қайд этишича, Усама бин Лодин оиласи қурилиш империясига кириши сабабли ҳамон подшоҳликнинг энг бой оилаларидан бири бўлиб турибди. Ҳозирги Саудия Арабистонининг кўп қисмини айнан улар қуришган.

Кўп йиллар давомида Алия Ганем, худди унинг бутун оиласи каби, ўғлининг фаолияти ҳақида жамоатчилик билан мулоқот қилишни рад этиб келган. Шунингдек, у Усама бин Лодин «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳига йигирма йил давомида раҳбарлик қилганида, Нью-Йорк ва Вашингтонга зарбалар берилган даврда ҳамда Усама Покистонда ўлдирилганидан сўнг тўққиз йил давомида ҳеч қандай интервью бермаган.

Таъкидланишича, Саудия давлатидаги энг нуфузли оилаларидан бирининг ҳаракатланиши ва ўзаро алоқалари жиддий кузатув остида қолмоқда. Айнан шунинг учун интервью учун расмийлардан рухсат олиш талаб этилди, уни Саудия Арабистонининг 32 ёшли шаҳзодаси, мамлакат янги раҳбарияти вакили бўлган Муҳаммад бин Салмон тақдим этди.

Саудия ҳукумати вакили иштирокида ўтказилган интервью вақтида Усама бин Лодиннинг оиласи ўзини ўта эҳтиёткор тутган.

Она ўзининг биринчи фарзанди - Усама бин Лодинни уятчан, бироқ ўқишга қобилиятли бола сифатида эслайди. Унинг сўзларига кўра, университетдаги одамлар уни ўзгартирган ва у бошқа одамга айланган.

Фото: Camera Press

«У 20 ёшида миясига ёт ғояларни сингдирган одамларни учратмасидан аввал жуда яхши бола эди. Сиз буни культ, деб аташингиз мумкин. Улар ўз иши учун пул олган. Мен унга доимо улардан узоқроқ юришни айтардим, ҳамда у ҳеч қачон менга нима қилаётганини айтмасди, чунки у мени жуда яхши кўрган», - дея эслайди Алия Ганем. 

Онанинг айтишича, у университетда учратган одамлардан бирига кейинчалик Саудия Арабистонидан қувиб юборилган ва Усама бин Лодиннинг диний маслаҳатчиси бўлган, «Мусулмон биродарлар» ташкилоти аъзоси Абдулла Аъзам айланди.

1980-йилларнинг бошларида Усама бин Лодин Афғонистонга жўнаб кетган.

Онанинг сўзларига кўра, у Усама жиҳодчи бўлишини ҳеч қачон хаёлига келтирмаган. Ўғли кимга айланганини тушунгач, жуда хафа бўлган. Шунга қарамай, укаси Аҳмаднинг айтишича, онаси камдан-кам ҳолатларда объектив гувоҳдир.

«17 йил ўтди [11 сентябрдан бери], ҳамда у ҳамон Усамани инкор этмоқда. Уни шу даража яхши кўрганки, ҳатто айблашдан бош тортмоқда. Бунинг ўрнига, у атрофдагиларни айблайди. У фақат яхши боланинг бу томонини билади, бизнинг барчамиз кўрган томонни. У унинг бошқа томонини барибир кўрмади», - дея сўз олган Аҳмад.

Фото: David Levene/The Guardian

Аҳмаднинг сўзларига кўра, Нью-Йоркдан 11 сентябрь фожиаси ҳақида хабарлар кела бошлагач, оиласи бошиданоқ бу уларнинг акаси Усама бўлганини билган.

«Мен шокка тушгандим. Бу ғалати туйғу эди. Биз дастлабки 48 соат давомида бу Усама бўлганини билган эдик. Ҳаммамиз даҳшатли оқибатлар билан тўқнаш келишимизни билардик», - дейди Аҳмад. 

Оила аъзоларининг сўзларига кўра, сўнгги марта Усама бин Лодинни 1999 йилда Афғонистонда, Қандаҳор яқинидаги базага икки бор ташриф буюрганларида кўришган.

Мавзуга оид