Жамият | 07:22 / 04.08.2018
68329
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ИИББ интернетда тарқалган можароли видеога изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг икки йигит ва бир нафар қизни тартибга чақириб, улардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини кўрсатишини ва ички ишлар бўлимига боришини сўраб мурожаат қилгани муҳрланган видеолавҳа тарқалди.

Ушбу видеотасвирлар шунингдек, қатор сайтлар томонидан ҳам эълон қилиниб, кўплаб ўқувчиларнинг муҳокамаларига сабаб бўлди. 

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, 2018 йилнинг 5 июлидан 6 июлига ўтар кечаси, соат тахминан тунги 3:30да 26 ёшли Б.Артём, 21 ёшли Ф.Никита ҳамда 23 ёшли С.Александралар маст ҳолда Юнусобод туманининг Истиқлол кўчаси автомобиль қатнов йўлидан юриб, транспортлар қатновига халал беришган, одамлар ором олаётган вақтда шовқин кўтариб, жамоат тартибини бузганлар.

Воқеа жойига етиб келган патруль-пост хизмати ходимлари ёшларни қатнов қисмини тарк этиб, тротуардан юришга чақиришган. Бироқ улар ходимларнинг талабини бажаришдан бош тортишган, шунингдек шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни ҳам исташмаган. Улардан икки нафари ҳужжатлари ёнида эмаслигини айтган бўлса, Артем паспортини ҳуқуқ посбонларининг қўлига бермаган.

Шундан сўнг, улардан ходимлар билан бирга ички ишлар бўлимига боришлари сўралди. Бироқ, қоидабузарлар қонун ҳимоячиларининг қонуний талабларини рад этишди. Қолаверса, ахлоқ-одоб чегарасидан ўтиб, ўзларини тута билишмади, дейилади хабарда.
 
Шунга кўра, учала ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома тузилган. Ўз навбатида, Юнусобод туман маъмурий суди Б.Артёмни Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддасига («Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») мувофиқ айбдор деб топиб, унга нисбатан жарима белгилаш ҳақида қарор қабул қилди. Қолган икки нафар ҳуқуқбузарларга эса огоҳлантириш берилган.

Мавзуга оид