Ўзбекистон | 15:29 / 06.08.2018
36839
2 дақиқада ўқилади

Бола чилим чекишга мажбурланган видео тарқалди

Ижтимоий тармоқларда кичик ёшли қизчанинг чилим чекаётган видеоси пайдо бўлди. 

Саккиз сонияли видеода эркак ва аёлнинг қизчани чилим чекишга мажбурлаётганини кўриш мумкин. Унда эркак "яна бир марта, яна" дейди, аёл эса қизчага навбатдаги "доза"ни узатади. 

Ушбу видео шунингдек Учтепа туман халқ депутатлари туман кенгаши депутати Нуриддин Зайниддиновнинг Facebook саҳифасига ҳам жойланган. 

Бу видеонинг қаерда ва қачон олингани ҳозирча номаълум.

Таъкидлаш жоизки, яқинда олимлар "буғли коктейллар" таъсири сигарета чекиш таъсирига тенг эканини аниқлашди. Америка олимлари эса чилим инсон саломатлиги учун ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкинлигини маълум қилишган. Тадқиқотлар натижасида чилим чекиш юрак-қон томир касалликлари ривожи хавфини ошириши ва инсультга олиб келиши исботланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жамоатчилик жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳам ўз ўрнида чилим чекиш хавфидан далолат беради. 

Kun.uz Ўзбекистонда болалар ҳуқуқи билан боғлиқ вазиятлар ҳақида бир неча бор ёзган эди. Афсуски, аниқ чора-тадбирлар ва ижтимоий хизматларнинг йўқлиги сабаб мамлакатда рўй бераётган бундай воқеалар оддий ҳолат сифатида қабул қилинмоқда. Натижада эса болалар ҳимоясиз қолмоқда.

Мавзуга оид