Жаҳон | 21:23 / 06.08.2018
4354
2 дақиқада ўқилади

Канада ТИВ Саудия Арабистонидан элчисини чақириб олгани учун изоҳ талаб қилди

Фото: pixabay

Канада ТИВ Саудия Арабистонининг Оттавадаги элчисини чақириб олгани ҳақидаги хабардан ташвишда ва Ар-Риёддан бу борада изоҳ сўрамоқда, деб хабар берди CBC телекорпорацияси.

Аввалроқ Саудия Арабистони матбуот агентлиги мамлакат ТИВ Саудиянинг Оттавадаги элчисини чақириб олгани ва Канада элчисини персона нон-грата деб эълон қилгани ҳамда унга мамлакатни тарк этиш учун 24 соат муҳлат бергани ҳақида хабар қилганди. 

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Канада билан бўладиган барча янги савдо ва инвестицион ўтказмаларни музлатиб қўйганини эълон қилди. 

Пайшанба куни Канада ТИВ раҳбари Христя Фриланд Саудия Арабистонида блогер Раиф Бадавийнинг синглиси, ҳуқуқшунос Самар Бадавийнинг ҳибсга олинганидан "жудаям ташвишда" эканлигини билдирган ва уларни озод қилишга чақирганди.

"Саудия Арабистонининг либерал тармоғи" интернет сайти асосчиси Раиф Бадавий 2012 йилда диний уламолар ва қироллик диний полициясини танқид қилгани учун ҳибсга олинганди. У шунингдек ислом динини таҳқирлаш, кибержиноятлар ва Саудия Арабистонида жиноят ҳисобланувчи отасига бўйсунмасликда айбланган. Бадавий ўн йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид