Спорт | 14:49 / 07.08.2018
48229
9 дақиқада ўқилади

Уял, ПФЛ!

Журналистика факультетида ўқиб, журналистикани қойиллатиб ўргандим дея олмайман. Умуман кўпчиликда шунақа бўлса керак. Лекин ўша даргоҳ менга иккита ўта муҳим нарсани ўргатган. Биринчиси, мақола ёзганингда (кўрсатув, эшиттириш тайёрлаганингда), агар унда маълум шахслар (ёки шахс) ҳақида гап борса, ҳеч қачон унинг шахсиятига ўтмаслик. Сен ёзаётганинг қанчалик салбий хусусиятлари бўлмасин бу шахсига дахлдорми, уни ҳақорат қилишга ҳаққинг йўқ. У биз урғу сабаб жарангдор чиққани учун, ишлатишга одатланиб қолган сўзимиз — «тупой» бўладими ёки бошқа бир шунақа салбий хусусияти бўладими, буни ёзаётган нарсангда очиқ ойдин айтишинг ҳеч қандай этикага тўғри келмайди. Кейинги қўлингдан келадиган иш фақат узр сўраш бўлиши мумкин, лекин бу ҳолатга тушишдан кўра, унинг олдини олиш энг тўғриси бўлади. Агар ёзганинг ўқувчига етиб борса, у ўзи нима демоқчилигинг ҳақида тушуниб, хулоса чиқариб олаверади. Ким яхши ким ёмон, ким айбдор... Сенинг вазифанг эса борини етказиш, бировнинг устидан ҳукм чиқариш эмас. Керак бўлса, у истамаса, суратидан ҳам фойдаланишга ҳаққинг йўқ. Шахсий дахлсизлик хуллас. Журналистикада ўрганган энг муҳим биринчи қоидам шу эди — инсоннинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқини ҳурмат қилиш.

Иккинчи ўрганганим бу сени эшитаётган (ўқиётган, кўраётган) шахсни ҳурмат қилиш. Устозларимиздан бири айтганди: мақола ёзасанми, кўрсатув тайёрлайсанми ёки домла бўлиб ўқувчиларга дарс ўтасанми ёки бирон мансабга ўтириб, қандайдир қоидаларни яратасанми, фарқи йўқ. Ҳеч қачон унутмагинки, сени эшитаётган, кузатаётган, ўқиётган ёки сен берган топшириқни бажараётганлар ичида камида 10тача бўлсин, сендан кўра ақллироқ, сендан кўра ўша соҳани, ўша мавзуни яхшироқ биладиганлар бўлади. Камида 10 нафар одам бу ишни сендан яхшироқ қила олиши мумкин бўлади. Нимадир ишни бажараётганингда мана шу томонларини ўйлаб ишга кириш, ортиқча маҳмадоналик қилма!

Бугун журналистика ҳақида мақола ёзмоқчи эмасман. Умуман тепадаги гапларнинг ҳам бугунги мавзуга алоқаси йўқ. Шунчаки мавзуни ёзишдан олдин, бизга «теккан касал» — узоқдан олиб келишга одатланганмиз. Хуллас, асосий масалага ўтсак. 

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси директорининг биринчи марта ташкил этилаётган Суперлига тақвимини ўзгартириш ниятида клубларга юборган таклифи тарқалди. Унда ёзилишича, йил бошида ишлаб чиқилган регламент «келишилган ўйинларнинг вужудга келишини авж олдираётган» экан. Келинг, ўша клубларга юборилган гапнинг асосий қисмини тўлиқлигича ўзгартиришларсиз келтириб ўтамиз:

«Жамоаларнинг деярли бари мавсум бошидан кучли олтиликка интилиб келди, чемпионатда белгиланган «олтин очко» қоидаси қайсидир манода келишилган ўйинларни вужудга келиши авж олмоқда, бу эса клубларнинг келгуси фаолиятига таъсирини кўрсатиши ҳамда чемпионат савиясига таъсир этиши аниқ».

Бу ерда матн ҳеч қандай ўзгаришларсиз кўчирилди. Тўғри, мен ҳам худди сиз каби, гапни тушуниб олиш учун шу қисмини икки-уч марта ўқидим. Майли буниси асосий масала олдида ҳеч нарса эмас, шу сабабдан хатдаги орфографик, услубий, стилистик, грамматик хатолардан кўз юмамиз. Ҳозирги асосий мавзу бошқа.

Хуллас сиз сурат ҳолатида кўриб турганингиз бу хатда клубларга регламентни мусобақа тугашига 2 тур, ҳа, айнан ИККИ тур (!) қолганда ўзгартириш бўйича таклифлар сўралган. Хўш, энди савол туғилади? Қайси асосга кўра, чемпионатнинг бутун бошли формати ўзгартириляпти? Қани бу ерда спортча принциплар? Тепадаги матнга яна бир кўз югуртириб асос излаймиз: келишилган ўйинлар вужудга келиши авж олаётган экан. Ия, зўр-ку? Қанақа келишилган ўйинлар? ПФЛ янги мавсумдан бошлаб, ҳамма ишни пухта қилган, талаблар қаттиқ бўлган ва келишилган ўйинларга умуман йўл қўйилмаслиги айтилгандику? Қайси ўйин келишилибди? Биз ҳам эшитайлик, билайлик. Чоралари билан мақтанган ташкилотнинг бу борадаги кўрган чораларидан воқиф бўлайлик. Бизга умуман келишилган ўйинлар қолмади, дейишмаганмиди? Бор бўлса, ўша клублар, алоқадорлар жазолансин. Четлатилсин, жарима тўласин, регламентга нима дейсан?

Бу саволга ҳам жавоб йўқ, ҳозирча, майли. Кўз юмамиз. Лекин бу бошқа бир саволни келтириб чиқаряптида. Бизга номаълум бўлган, қайси ҳужжатнинг қайси қисмида, агар келишилган ўйинлар аниқланган бўлса, бутунлай чемпионат формати ўзгартирилиши белгилаб қўйилган? Қайси ўзини ҳурмат қилган мамлакат футбол федерациясида шунақасини эшитгансиз? Ёки биз параллел бошқа дунёда яшаяпмизми? Йўқ, ПФЛ раҳбарияти чиқараётган ҳар бир қоидасида «осмондан олмаётгани, ОФК ва ФИФА талаблари асосида ишлаётгани, ҳаттоки тузилаётган шартномалар ҳам шу каби юқори ташкилот ҳужжатларидан андоза олинганини» айтиб келади? ФИФА ёки ОФК ҳужжатларида келишилган ўйин аниқланса, чемпионат форматини мавсум тугаётганда тап этиб, алмаштириш керак деган жойи бормикан? Қани, кўрсатишсин, кўрайлик биз ҳам.

Хўп, ПФЛ аниқ ошкор қилмаганидан кейин ўзимиз таҳлил қилиб кўрамиз. Чемпионатимиз савиясига таъсир қиладиган қандай ўйинлар бўлиши мумкин, қайси ўйин келишилиши мумкин? 21-тур тақвимига қараймиз. Амалдаги регламент қоидасига биноан кучли олтиликка даъвогар «Қўқон-1912» чемпионлик учун курашаётган «Пахтакор»ни қабул қилади. Қўқонликлар кучли олтиликда қолиши учун, сўнгги икки ўйинни ҳам ютиши керак. «Пахтакор» эса «олтин очко» қоидалари сабаб, учинчи даврада яхши имкониятини сақлаб қолиши учун «Қўқон»ни ютиши керак, шарт. Даҳшатку бу. Ҳақиқий интрига, биз кутган ҳақиқий футбол томошаси, ҳақиқий кураш кечадиган супер тўқнашувку бу, ахир. Биз мавсум бошида орзу қилган ўйинлар шу эмасмиди? Чемпионатда «жанглар»ни кўпайтириш орқали терма жамоамизни ҳам даражасини кўтариш эмасмиди вазифамиз? Эктор Куперга нима деймиз? Нимани кўрсатамиз унга? Уни алдаб, аслида ўзимизни алдамаяпмизми?

Узоқ давом этадиган чемпионатлар сўнгида ҳеч қандай ўринга даъвогар бўлмайдиган жамоаларнинг пайдо бўлиши табиий ҳолат. Биз буни ўртамиёналар деб аташга ўрганганмиз. Улар қуйи лигага ҳам тушиб кетмайди, ёки юқорига ҳам кўтарилмайди. Нима қилиш керак, бутун бошли лиганинг ҳамма жамоаси чемпионлик учун кураша олмайдику, тўғрими? Бунақаси Англияда ҳам бор. Ўша «Вест Ҳэм»дан тортиб «Борнмут»гача шунақа вазиятга тушади. Сўнгги турларда «навбатчи» ўйинлар ўтказади. Лекин ҳеч ким уларни келишилган ўйинларда айбламайди. Уларга қандайдир талаб ҳам қўймайди. Чунки улар ўз олдига қўйган минимум мақсадни уддалаб бўлган, нима қила оласиз?

Яна бир гап. Эшитишимизга қараганда, ПФЛ томонидан юборилган хат ҳамма клубларга ҳам жўнатилмаган эмиш. Масалан, чемпионлик учун курашаётган «Локомотив» вакиллари бу борада ҳеч қандай хат олишмаган. Қизиқ, регламентни ўзгартириш бўйича гўёки, ҳаммадан фикр сўраётгандек бўлган ПФЛ нега унда ҳаммани тенг кўриб, фикр сўрамаяпти? Ёки бу ерда аслида ҳеч қаерда ёзилмаётган, мухлислар шубҳа қилаётган бошқа сабаб борми? Бугунги мухлисни алдаб бўларканми?.. Жавоби йўқ саволлар жуда кўп.

Мазкур хат тармоқларда тарқалгач, мақолани ёзиш жараёнида яна бир хабарни кўриб қолдим. Эмишки, «олтин очко» қолармуш. Фақат бошқача форматда ўтказилармуш. Яна бир хабарга кўра, чемпионат уч даврали қилинармуш. Бу гаплар қанчалик рост билмадим, лекин ПФЛ бу шов-шув кўтарилганидан сўнг «олтин очколар» бекор бўлишигина норозиликка сабаб бўляпти, деган маънода ўзгаришларни бошқачароқ қилишга қарор қилишган кўринади. Буниси ҳозирча номаълум. Лекин бир нарса аниқки, энг асосий эътироз бу бутун бошли регламентнинг, форматнинг икки тур қолганда ўзгартириб юборилишига нисбатан бўлмоқда. Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай мухлис, солиқ тўловчи фуқаро, клуб, бунга эътироз билдиришга, ПФЛ олдига конкрет савол қўйишга ҳақли. Ўзи шундоқ ҳам бўялавериб, қизариб кетган тақвими бор, суперлиганинг бутун бошли регламентини хоҳлаган пайтда ўзгартириб ташлаш ҳуқуқи эса, ўша оддий мухлисдан бошлаб барча тўлайдиган солиқ эвазига кун кўрадиган ҳеч бир футбол ташкилотига берилмаслиги керак.

ПФЛнинг ҳозирги ҳаракатлари эса, четдан қараганда, шармандаликдан ўзга нарса эмас. Уят сизларга (Узр).

Азим Абдусаломов

Мавзуга оид