Ўзбекистон | 23:15 / 08.08.2018
4618
2 дақиқада ўқилади

Остонада Ўзбекистон савдо мажмуини ташкил этиш бўйича ишлар бошланди 

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Миллий банки қошидаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Қозоғистон Республикасидаги ваколатхонаси расман рўйхатдан ўтди.

Жамғарманинг ижрочи директори Миразиз Исаковнинг таъкидлашича, мазкур ваколатхонанинг асосий вазифаси қўшни давлат бозорида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, хорижий ҳамкорларни топиш, маҳаллий брендлар рекламасини таъминлаш,шунингдек, кўргазма, ярмарка, тендер савдолари ва бошқа тадбирларда ўзбек тадбиркорларининг иштирокини ташкиллаштиришдан иборатдир.

Шунингдек, қозоғистонлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга ташрифини уюштириш, уларнинг юртимиз тадбиркорлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда амалий кўмак кўрсатилади. Ана шу мақсадда ваколатхона қўшни давлат ишбилармон доира вакилларининг Ўзбекистонда бизнес юритиш учун шароитлар ҳақидаги маълумотлар билан кенгроқ таништириб бориш орқали уларнинг Ўзбекистонга сармояларни киритишга жалб қилишда фаол иштирок этади. 

Жамғарма ваколатхонаси ташаббуси билан Остона шаҳрида Ўзбекистон савдо мажмуини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Ушбу савдо мажмуида ўзбекистонлик экспортчилар учун барча шарт-шароитлар яратилади. Мажмуанинг биринчи қаватида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олса, юқори қаватларда мебель ва тўқимачилик, гилам ва бошқа саноат маҳсулотлари жой олади. Бу эса, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид