Жамият | 08:14 / 10.08.2018
14830
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда банкомат ўғриларига жазо тайинланди

Иллюстратив фото

Тошкент шаҳрида яшовчи А.Қодиров, З.Азизов ва К.Мирзаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида жиноий тил бириктирди. Улар 2017 йил 31 декабрь куни тонгда Шайхонтоҳур туманидаги "Olive" ресторани олдида "Капиталбанк" АТБ туман филиали томонидан ўрнатилган, нархи 28 миллион 948 минг 340 сўмлик банкоматни ичидаги 848 минг 500 сўм пули билан бирга ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган. Пулни эса ўзаро бўлишиб олган, деб ёзмоқда ЎзА.

Шунингдек, ушбу шахслар бу билан чекланиб қолмайди. Улар ўзларига О.Нодиров, Д.Самадов ва Б.Ғуломовларни ҳам шерик қилди. 2018 йил январь ойида тун ярмидан оққанда жиноий тўда Олмазор тумани "Қорасарой" кўчасидаги “Қорасарой” автобус бекатига келади. Ҳудудда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, бекатга ўрнатилган нархи 24 миллион сўмлик банкоматни машина юкхонасига ортиб, кўздан ғойиб бўлади. Қонунбузарлар банкомат ичидаги 4 миллион 400 минг сўм пулни ўзаро бўлишиб олади. Жиноят изини яшириш мақсадида банкоматни Чилонзор тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи каналга ташлаб юборади. 

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида жиноятчилар қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. 

Суд мажлисида гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди. Ҳужжатлар ўрганилиб, тўпланган далиллар яна бир бор кўздан кечирилди. Жиноят исботини топди. Уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Мавзуга оид