Тошкент юридик коллежи собиқ директорига ҳукм ўқилди
10 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа туман судида судланувчилар, Тошкент юридик коллежи собиқ директори Наталья Темирова ва шу коллежда иш юритувчи котиб ва ходимлар бўлими инспектори бўлиб ишлаган Абдулазизжон Салимжоновга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, ўз ниҳоясига етказилди. Суд мажлисига судья Болат Султонов раислик қилди.
Суд жиноят ишини тўлиқ ўрганиб чиқиб, Наталья Темировани Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 28-моддаси орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни ва бошқаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 238-моддасида (ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда, ҳамда А. Салимжоновни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш) ва 28-моддаси орқали 209-моддасида (мансаб сохтакорлигига кўмаклашиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган.
Суд Наталья Темировага Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси тегишли моддаларини қўллаган ҳолатда 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баробари миқдорида, яъни 52 421 250 сўм (2017 йил октябрь ҳолатидаги 149 775 сўмдан) жарима ва 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини умумий тартибдаги колонияда ўташ белгиланди.
Шунингдек, Абдулазизжон Салимжоновга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 310 баробари миқдорида, яъни 46 430 250 сўм (2017 йил октябрь ҳолатидаги 149 775 сўмдан) жарима жазоси тайинланди ва ҳукм ўқилди.
Ҳукмдан норози тарафлар шикоят ёки протест билдиришга ҳақлилиги тушунтирилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкент юридик коллежида 3 ўқувчи ўртасидаги пичоқбозлик оқибатида бир ўқувчи вафот этган, яна бири оғир жароҳатланганди.
Содир бўлган мудҳиш воқеадан кейин Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур коллежда текшириш ўтказилгани натижасида бу ўқув масканида бошқа жиноятлар содир бўлаётгани ҳам аниқланганди. Наталья Темирова «2-даражали адлия маслаҳатчиси» махсус унвон мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган, 2017 йил 25 ноябрь кунида у қамоққа олинган ва бир неча кишига нисбатан жиноят иши очилганди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024