Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда «Ҳалол» стандарти қачон жорий этилади?
Ўзбекистонда «Ҳалол» сертификатлаштириш тизимини жорий этиш учун, аввало, ўша стандартлар амалда жорий этилиши керак. Айни пайтда Ўзбекистонда 5та «Ҳалол» стандарти қабул қилинган, деб хабар беради «Ўзстандарт» агентлиги расмий вакили.
«Жорий этилган 5та «Ҳалол» стандарти юртимизда ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулот турларини қамраб олмайди. Шу туфайли, жорий этилган стандартлардан ташқари яна 8та стандарт лойиҳа сифатида ишлаб чиқилди.Бу масалада Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, «Ўзбекозиқовқат» ХК, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда», дейди расмий вакил.
«Ўзстандарт» агентлигидан Kun.uz'га маълум қилинишича, жами 13та стандарт жорий этилиши билан барча турдаги маҳсулотларни «Ҳалол» стандарти мезонлари бўйича баҳолаш имконияти пайдо бўлади.
«Стандарт яратилгандан сўнг, уни баҳоловчи идора ҳам бўлиши лозим. Бу икки турда амалга оширилади: биринчидан, лаборатория синови тарзида ва натижаларга асосланган ҳолда сертификатни расмийлаштириш. Лаборатория қурилиши учун жорий йилда 2,8 миллион долларга тенг Жанубий Корея гранти ажратилган. Бундан ташқари, 11 миллион доллар атрофида ажратилган кредит ҳисобига республика бўйича 9та лаборатория ташкил этилиши режалаштирилган. Шундан сўнг, барча лабораторияларда «Ҳалол» стандарти мезонлари бўйича синовларни ташкил этиш имконияти пайдо бўлади», деб қўшимча қилди агентлик вакили.
Дин ишлари бўйича қўмита лаборатория синов натижалари билан танишиб чиқиб, агар натижалар диний тартибга мос келса, сертификатни расмийлаштириш бўйича хулоса тақдим этади. Чунки, «Ҳалол» стандарти асосан маҳсулотнинг ўзигагина эмас, балки уни тайёрлаш жараёнига берилган баҳо сифатида қайд этилади. Албатта, маҳсулот таркиби ва етиштириш босқичларига алоҳида эътибор қаратилади, шунингдек чорва ҳайвонларини сўйиш, гўштларни сақлаш ва чиқиндилардан асраш каби масалалар ҳам диққат марказда бўлади.
Бироқ, амалда «Ҳалол» стандартини сертификатлаштириш идораси ташкил этилмади. Бу масалада Ҳукуматнинг алоҳида қарори ишлаб чиқилмоқда. Ушбу жараёнларга хусусий тадбиркорлик иштирокчилари аралашмайди. Таъкидланишича, Ҳукумат томонидан ваколатга эга алоҳида муассасага ушбу масъулият юкланади.
Маълумот учун, ўтган йили 6 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Қарор билан «Ўзстандарт» агентлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йигирма кун муддатда республикада халқаро стандартларни, шу жумладан «ISO 22000», «Ҳалол» стандартларини жорий этиш ва кейинчалик кўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланганди.
Ҳужжатда назарда тутилган пировард мақсадлардан бири - Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни чет элга, айниқса аҳоли таркибида мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи давлатларга экспорт қилиш ҳажми ва сифатини оширишдан иборат.
Мавзуга оид
09:30 / 15.06.2026
Энди ўқишни кўчиришда ҳам сертификатлар учун балл берилади
15:20 / 14.03.2026
Бўлажак ўқитувчилар касбий сертификатлашдан ихтиёрий тарзда ўтиши мумкин
22:24 / 01.03.2026
Ўқитувчиларнинг амалдаги сертификатлари муддати тугамагунича малака тоифаси туширилмайди – вазирлик
12:38 / 13.02.2026