Жаҳон | 00:32 / 14.08.2018
3085
2 дақиқада ўқилади

БААда интернет орқали терроризмни тарғиб қилганлик учун жазо кучайтирилди

Фото: Fotolia / philipus

БАА президенти шайх Халифа бин Зайд Ал Нахайян 2012 йилда қабул қилинган кибержиноятларга қарши курашиш тўғрисидаги қонунга интернет орқали террорчи ва ноқонуний ташкилотларни тарғиб қилганлик учун жазони кучайтирувчи тузатишларни киритди, деб хабар берди WAM ахборот агентлиги.

Тузатишларга кўра, террорчи ёки қонунда тақиқланган ташкилотлар ҳақида интернет-сайт яратганлик ёки ахборот технологияларидан фойдаланиб маълумот тарқатганлик учун озодликдан маҳрум этиш муддати беш йилдан ўн йилгача узайтирилди, энг кам жарима миқдори эса 1 миллиондан 2 миллион БАА дирҳамига оширилди (272 минг доллардан 545 минг долларга). Максимал жазо муддати 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 4 миллион дирҳам жарима этиб белгиланди.

Терактларни амалга ошириш учун ёнувчи моддалар, портловчи ва бошқа қурилмалар тайёрлаш тўғрисида ахборот тарқатганлик учун ҳам ана шундай жазо кўзда тутилган.

Шунингдек, қонунга киритилган тузатишларга кўра, ана шундай интернет-сайтлардан маълумот юклаб олиш, уларни ҳар қандай усулда тарқатиш ёки бу сайтларга бир неча марта кириш беш йилгача озодликдан маҳрум этиш ва 500 мингдан 1 миллион дирҳамгача жарима билан жазоланади. Бунда қамоқ жазоси махсус тузатиш муассасаларига жойлаштириш ёки белгиланган муддатга ахборот технологияси воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш билан алмаштирилиши мумкин.

БАА 2014 йилда террорчи ташкилотлар рўйхатини тузган бўлиб, унга хусусан, "Ислом давлати", "Ал-Қоида", "Жабҳат ан-Нусра" ташкилотлари, "Ансар Алла" ҳаракати (хусийлар) ва бошқа ташкилотлар киритилган. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид