Жаҳон | 10:05 / 14.08.2018
28029
2 дақиқада ўқилади

Британиялик ҳарбий мерганлар масофасидан пулемёт билан ИШИД қўмондонини ўлдирди

Фото: Getty Images

Махсус авиадесант хизмати (SAS, Британия қуролли кучлари махсус бўлинмаси) мергани бир милдан ортиқ (1600 метр) масофада турган жангарини йирик калибрли пулемётдан отиб ўлдирди. Бу Daily Express ёзмоқда.

Бу июнь ойида Афғонистон шимолидаги махфий патруль пайтида содир бўлган. Ҳарбийлар гуруҳи ИШИД террорчилик гуруҳи кучлари назорати остида бўлган туманда эди. Улар жангарилар базасини кузатишаётган бўлган, шунда Буюк Британия ва АҚШнинг «қора рўйхатида» бўлган дала қўмондонини пайқаб қолишган.

Ҳарбийларда мерганлик милтиқлари бор эди, бироқ улар бу шахсни ҳарбий автомобиллардан бирига ўрнатилган катта калибрли пулемёт билан аниқ нишонга олиш мумкин, деган қарорга келишди. Бунинг учун қуролга махсус  нишонга олиш мосламаси ўрнатилди.

Таъкидланишича, ИШИД қўмондони 20 дақиқа давомида бир жойда туриб, ёнида ўтирган кишиларга ниманидир гапириб берган. Нашрнинг ёзишича, ўқ шундай куч билан унинг кўкрагига келиб урилганки, унинг елкаси ва қўли учиб кетган, ўзи эса жойида ҳалок бўлган. Афғонистон пойтахти Кобулдаги махсус амалиётлар қўшма қўмондонлигининг қароргоҳи жангарининг йўқ қилинишини тасдиқлаган.

Манбалар маълумотига кўра, пулемёт қуроллар орасидан чиқариб ташланади ва SAS қароргоҳига олиб кетилади, у бу ерда хотира сифатида сақланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИШИД етакчиси ал-Бағдодий оғир яралангани хабар қилинганди. Ироқнинг «Ас-Сумария» телеканали хабарига кўра, ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий оғир яраланганидан кейин тўшакка деярли михланган ва гуруҳни бошқармаяпти.

Мавзуга оид