Жамият | 14:11 / 14.08.2018
9813
3 дақиқада ўқилади

Давлат идораларининг 15 нафар ходими Японияда ўқийдиган бўлди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида имзоланган Грант келишувига мувофиқ давлат идораларининг 15 нафар ходими магистратура ва докторантура дастурлари бўйича Япониянинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон ҳамда Япония ҳукумати ўртасидаги “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” лойиҳасининг жорий йилдаги совриндорлари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, “Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар ажратиш” (Japanese Grant Aid for Human Resource Development Scholarship – JDS) лойиҳасининг Ўзбекистондаги вакили Каино Ая ҳамда лойиҳанинг жорий йилги ғолиблари қатнашди. 

Вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов мамлакатимизда замонавий йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.  

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

JDS гранти ғолиблари Японияда таълим олишда кўзлаган мақсадлари ҳамда у ерда олган билим ва орттирган тажрибаларини   келажакда юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сафарбар этишлари ҳақида айтиб ўтишди. 
  
Учрашув якунида вазир ўринбосари У.Бегимқулов Грант совриндорларини қутлар экан уларга давлатимиз ва халқимиз билдирган ишончни оқлаш учун ўз устида тинимсиз ишлашлари ҳамда ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишларида муваффақият тилади.  

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Маълумот учун, шу йилнинг 10 август куни Япония Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунео Такасака ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов томонидан жами 262 млн япон иенаси (2,3 млн дан ортиқ АҚШ доллари) миқдорида Грант келишуви имзоланган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид