Иқтисодиёт | 23:48 / 14.08.2018
29888
3 дақиқада ўқилади

Нима учун ривожланаётган мамлакатларнинг миллий  валюталари қадри пасаймоқда?

Бутун дунё бўйлаб ривожланаётган мамлакатлар валюталари курси пасаймоқда. Бу аслида янгилик эмас - доллар йил бошидан буён уларга (Аргентина, Туркия, Жанубий Африка, Ҳиндистон, Россия, Бразилия, Венгрия, Хитой миллий валюталарига) нисбатан мустаҳкамланиб келмоқда.

Фото: twitter.com/Michael McDonough

Бироқ август ойида кўрсаткичларда пасайиш эмас, қулаш кузатилди.

Туркия лираси

Масалан, йил давомида секин-аста пасайиб келаётган турк лираси бир кунда (10 август куни) 18 фоизни йўқотди, душанба куни - яна 7 фоизни. Йил бошидан буён пасайиш эса - 45 фоизни ташкил қилди. Бу Туркия иқтисодиётидаги камчиликлар билан бир қаторда мамлакатнинг АҚШ билан муносабатларидаги зиддиятлар билан боғлиқ.

Фото: Murad Sezer / Reuters / Scanpix / LETA

Аргентина песоси

Жорий йилда миллий валюта позициясида жиддий босимга йўлиққан ривожланаётган мамлакатлардан бири Аргентина бўлди. Bloomberg агентлиги баҳоларига кўра, Аргентина песоси 2018 йил бошидан буён долларга нисбатан қийматининг 38 фоизини йўқотган. 13 август куни Аргентина Марказий банки навбатдан ташқари йиғилишида фоиз ставкаларининг 40 фоиздан 45 фоизга оширилиши ҳақида эълон қилди. Ставкалар октябрь ойигача шу кўрсаткични сақлаб қолиши таъкидланмоқда. Мамлакатдаги фоиз ставкалари барча мамлакатлар орасида энг юқори даражани қайд қилмоқда.

Фото: Bloomberg

Россия рубли

8 август куни Россия рубли доллар ва еврога нисбатан тахминан 1,3 фоизга пасайди. Таҳлилчилар РФ миллий валютасининг қадрсизланишини биржа ўйинчиларининг сўнгги кунлардаги Россияга нисбатан санкцияларнинг кучайтирилиши эҳтимолига оид салбий янгиликлар таъсири билан боғлашмоқда. Янги санкциялар тасдиқланган ҳолатда Россия миллий валютаси 66 рублгача пасайиши эҳтимоли бор, федерал заём беш йиллик облигацияларининг даромад кўрсаткичлари эса 8-9 фоизга етиши мумкин.

Хитой юани

Хитой юанининг пасайиши юмшоқ тенденциядан қатъий тенденцияга ўтмоқда. Барчасига АҚШ ва Хитой ўртасидаги таранглик айбдор деб ҳисобланмоқда. Апрель ойи ўрталаридан буён юань АҚШ долларига нисбатан 9 фоизга пасайди. Бу чорак аср давомидаги энг кескин кўрсаткич. Баъзи маълумотларга кўра, Трампнинг маъмурияти ставкани 10 фоиздан 25 фоизга ошириб, санкцион тарифларни яна 200 миллиард долларга оширмоқчи. Экспертлар мазкур йўналишдаги ишларнинг давом этиши эмбарго сифатида баҳоланиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Инвесторлар Дональд Трамп бошқа мамлакатлар билан нақадар қатъий музокаралар олиб бораётганини кўриб, маҳаллий валюталарни сотишмоқда.

Буларнинг бари бир бўлиб ривожланаётган мамлакатлар миллий валютасининг пасайишига олиб келмоқда, ҳатто АҚШ билан зиддиятга бормаган Индонезия, Аргентина, Жанубий Африка, Ҳиндистон каби давлатларда ҳам шундай тенденция кузатилмоқда (инвесторлар муаммонинг олдини олиб, таваккалдан қочишмоқда).

Кимдир бу вазиятда 1998 йилги инқирознинг такрорланишига ишорани кўрса, яна биров қўрқишга ҳожат йўқлиги, глобал инқироз бўлмаслигини таъкидламоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид