Спорт | 16:22 / 14.08.2018
18620
2 дақиқада ўқилади

Жакарта-2018. Ўзбекистон илк турда Бангладеш устидан йирик ғалабага эришди

Фото: The AFC.com

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Индонезиядаги Осиё ўйинларида ўз иштирокини бошлади. Равшан Ҳайдаров шогирдлари «В» гуруҳидаги илк ўйинда Бангладешга қарши майдонга тушиб, йирик ғалабага эришди.

Кутилганидек, ўйин тўлиқ Осиё чемпионларининг назорати остида ўтди. 24-дақиқада Ўзбекистон олимпиячиларининг ўнг қанотдан тезкор қарши ҳужуми натижасида ҳисоб очилди. Рақиб жарима майдонига ёриб кирган Икром Алибоев марказда турган Ўринбоевга тўпни оширди, Забиҳилло боши билан уни дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 1:0.

Иккинчи таймда ҳам Ҳайдаров шогирдларининг рақибдан сезиларли устун экани кўриниб турди. Дастлаб 57-дақиқада Жавоҳир Сидиқовнинг тўп узатишидан сўнг жарима майдони марказида бўш қолдирилган Достон Ҳамдамов имкониятдан унумли фойдаланган бўлса, орадан 10 дақиқа ҳам ўтмай дарвозабон уриб юборган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Икром Алибоев ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Гуруҳдаги иккинчи учрашув – Таиланд-Қатар баҳси Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, 2-тур ўйинлари 16 август куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистонга Қатар олимпиячилари рақиб бўлади.

Осиё ўйинлари, 1-тур
Ўзбекистон– Бангладеш – 3:0
Голлар:
 Забиҳулло Ўринбоев (24), Достон Ҳамдамов (57), Икром Алибоев (67)
Ўзбекистон ОТЖ: Ботирали Эргашев, Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Аббос Отахонов, Жалолиддин Машарипов, Одил Ҳамробеков, Забиҳилло Ўринбоев (Бобур Абдухолиқов, 69), Жавоҳир Сиддиқов (Хуршид Ғиёсов, 79), Икром Алибоев, Достон Ҳамдамов (Азиз Турғунбоев, 64), Достонбек Турсунов.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид