Жаҳон | 22:13 / 15.08.2018
15430
2 дақиқада ўқилади

Руҳоний: Каспий бўйича келишувлар АҚШ ва НАТО фитнасининг олдини олди

Фото: EPA-EFE

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенциянинг имзоланиши АҚШ ва НАТОнинг минтақага ўз қуролли кучларини жўнатиш режасининг олдини олганини билдирди.

"АҚШ ва НАТОнинг фитнаси шундан иборат эдики, Каспий денгизи соҳилларида уларнинг аскарлари, Америка кемалари, вертолётлари ва ҳарбий базалари бўлиши лозим эди, - дея Руҳонийнинг сўзларидан иқтибос келтиради Fars агентлиги. – Аммо конвенция Каспийда ҳарбий базалар ва хориж кемалари бўлишини тақиқлади. Келишувга кўра, ушбу денгизда фақатгина беш Каспийбўйи давлатларидан бирининг байроғи остидаги кема бўлиши шарт".
Руҳоний минтақа хавфсизлиги нуқтаи назаридан конвенция катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. 

"Сўнгги саммит давомида Эрон ва бошқа давлатларни ташвишга солган қатор муҳим масалалар ечимини топди. Улар орасида энг муҳими Каспий денгизи хавфсизлиги масаласи  эди", - дея қайд этди у.

Эслатиб ўтамиз, 12 август куни 20 йиллик муҳокамалардан сўнг Россия, Эрон, Озарбойжон, Қозоғистон ва Туркманистон президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолашди.

Унга кўра, Каспий беш мамлакатнинг қуруқликдаги ҳудудлари билан ўралган сув ҳавзаси дея номланди (денгиз ҳам, кўл ҳам эмас).

Каспий акваторияси ички сувлар, ҳудудий сувлар, балиқчилик зоналари ва умумий сув майдонига ажратилади ҳамда ер ости бойликлари давлатлар томонидан халқаро ҳуқуқ меъёрларига асосланган келишувга мувофиқ тақсимланади.

Мавзуга оид