Жамият | 07:19 / 17.08.2018
9544
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 16та янги светофор ўрнатилди

Фото: Dreamstime

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан йўлларда хавфсизликни ошириш ва ЙТҲ сонини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилмоқда, деб хабар беради ИИББ ахборот хизмати.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан ҳозирга қадар шаҳар йўлларида:

-754 та йўл белгилари ўрнатилди;
-2021та йўл белгилари янгиларига алмаштирилди;
-165 049 квадр метрга янги ётиқ йўл чизиқлари чизилди;
-16та янги светофор ўрнатилди.

Хусусан, А.Қодирий ва М.Ганди кўчалари чорраҳасида, 25 ёшли Ж.Фарангиз ҳалок бўлган ЙТҲ содир бўлишидан икки ҳафта аввал светофор ўрнатиш тўғрисида кўрсатма берилганди, дейилади хабарда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ, шаҳар ҳокимлиги ва унинг қошидаги Йўл ҳаракатини тартибга солувчи техник воситаларни ўрнатиш ва эксплуатация қилиш департаменти ходимлари ОАВ вакилига маълум қилишган. 

“Қолаверса, битта светофорни ўрнатиш молиявий ва жисмоний омиллардан ташқари яна маълум вақтни талаб қилишини унутмаслик лозим. Лекин бу Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари қўл қовуштириб ўтирибди, дегани эмас. ИИББ белгиланган топшириқ ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли чораларни кўриб келмоқда”, - деб хабар беради ИИББ.

Шу йилнинг 15 август куни Тошкент шаҳрида 16та янги йўл белгилари ўрнатилди, 27таси алмаштирилди, 2152 квадрат метрга ётиқ йўл чизиқлари чизилди.

Йўлларда қоидабузарликларнинг олдини олиш, сонини камайтириш мақсадида ахборот-коммуникация технологиялари ва қоидабузарликларни автоматик тарзда қайд этувчи воситаларга ҳам урғу берилмоқда. Ушбу техник ускуналар ҳайдовчиларни қоидаларга амал қилишига катта ҳисса қўшиши табиий.

“Бироқ йўл ҳаракати иштирокчиларининг қоидаларга амал қилиш маданиятини оширмасдан туриб, тўлақонли ижобий натижага эришиш мушкул. Афсуски орамизда қоидаларни бузиши билан фахрланадиган ҳайдовчилар ҳам бор. Бундайларни на жарима, на камера ва на светофор, ҳатто бирон кишини уриб юбориш эҳтимоли тўхтата олади. Интернетдаги ижтимоий тармоқларда эса бу каби қоидабузарларга оид кўплаб видеотасвирлар деярли ҳар куни кузатиш мумкин. Бу бошқаларга нисбатан ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас, шундаймасми! Биз эса барчани йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга чақиришдан чарчамаймиз!” - дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид