Жаҳон | 18:50 / 17.08.2018
10899
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон билан мулоқотга тайёр, бироқ...

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон раҳбарияти билан мулоқот қилишга тайёр, бироқ бунинг учун Эрон раҳбарияти ўз сиёсий йўналишидаги фундаментал ўзгаришларга содиқлигини намойиш этиши керак бўлади. Бу ҳақида 17 август куни илгари Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан сиёсати координацияси бўйича махсус гуруҳни бошқарган Брайн Хук Давлат департаментида ўтган матбуот анжумани давомида маълум қилди. 

"Агар Эрон режими ўз хатти-ҳаракатларида фундаментал ўзгаришларга содиқлигини намойиш этса, у ҳолда президент мулоқотга киришиб, муаммонинг ечимини топишга тайёр бўлади", - деди у. 

Хук шунингдек АҚШ ва Эрон муносабатлари нормаллаша бошлаши учун шартларни такрорлади. "Эрон режими ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга жиддий киришганини кўрсаккина, санкцияларни бўшаштириш, шунингдек тўлиқ дипломатик ва савдо-иқтисодий алоқаларини тиклаш имкони пайдо бўлади", - қўшимча қилди дипломат.

Бундан ташқари, Хук АҚШ ҳукумати бошқа мамлакатларнинг Эрон билан савдо алоқалари туфайли иккинчи марта санкциялар рўйхатига тушишига йўл қўймаслигини қайд этди. 

АҚШ давлат котиби Майкл Помпео 21 май куни Қўшма Штатлар Эронга мисли кўрилмаган босим ўтказмоқчи экани, агар Теҳрон ўз сиёсий курсини ўзгартирмаса, тарихдаги энг қатъий санкциялар киритилиши ҳақида айтганди. У Эрон ядровий дастури ва геосиёсатга доир янги шартнома имзолашнинг 12 шартини келтириб ўтган.

Мавзуга оид