23:36 / 21.08.2018
3724

АҚШ сайловлар киберхавфсизлигини таъминлаш учун 380 млн доллар ажратди

Фото: Bloomberg

Америка штатлари ҳукуматлари сайловлар хавфсизлигини таъминлаш учун ажратилган маблағнинг учдан икки қисмини янги овоз бериш қурилмалари сотиб олиш ва сайлов жараёни киберхавфсизлигини таъминлашни мустаҳкамлашга сарфламоқчи. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.  

АҚШ конгресси штатларга жами 380 млн доллар ажратди, бундан 134,2 млн долларга яқини беш йил давомида сайловлар киберхавфсизлигини яхшилашга, 102,6 млн доллари эса овоз бериш қурилмалари сотиб олиш учун йўналтирилади.

Қолган маблағ эса сайловчилар маълумотлар базасини, сайловдан кейинги аудит ва коммуникация воситалари учун сарфланади.

Аввалроқ миллий хавфсизлик бўйича АҚШ президенти маслаҳатчиси тўрт давлат — Россия, Хитой, Шимолий Корея ва Эрон ноябрда бўлиб ўтадиган конгрессга оралиқ сайловларга аралашишни режалаштираётганини маълум қилганди.

21 август куни Microsoft кибержиноятчиликларга қарши курашиш бўлинмаси Россия билан алоқадор хакерлар АҚШдаги сайловларга таъсир кўрсатишга уринганини аниқлаганини хабар қилди. Компания хабарига кўра, «Россия ҳукумати билан яқин алоқада бўлган» Strontium хакерлар гуруҳи Халқаро республика институти ва Хадсон институти ресурсларининг нусхалари бўлган 84та сохта сайт яратган. Microsoft киберҳужумларнинг муваффақиятли кечгани ҳамда уларнинг нишони ким бўлгани ҳақида далилларга эга эмаслигини билдирган.
Кремль эса россиялик хакерларнинг янги гуруҳи ҳақида ҳеч нарсани билмаслигини маълум қилди.

«Биз сайловларга таъсир нимани англатишини, гап ким ҳақида бораётганини ва қандай асосларга кўра бундай хулосага келинаётганини билмаймиз», — деди Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.

Top