Жамият | 19:44 / 22.08.2018
5980
2 дақиқада ўқилади

Республика ишчи гуруҳи 100дан ортиқ фуқароларга ногиронлик аравачалари топширди

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Республика ишчи гуруҳи томонидан Андижон вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош бўлган Избоскан туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, аҳоли муаммолари, уларнинг дарду-ташвиши ўрганиб чиқилмоқда.

Коммунал (ичимлик суви, газ ва электр таъминоти), соғлиқни сақлаш, уй-жой, бандлик ҳамда бошқа соҳалардаги ечимини кутаётган ва ҳудуд аҳолисини қийнаётган ўткир муаммолар бўйича аҳолига амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.  

Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллий хокимлик билан ҳамкорликда жорий йилнинг 19 август куни – “Қурбон ҳайити байрами” арафасида Избоскан туманидаги ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган 120 кишига ҳамда кам таъминланган оилалар вакиллари учун туман марказий истироҳат боғида “Кўнгиллар яйраган кун” номли саховат тадбири ташкил этилди.

Унда 50 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачалари, 25 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга қўлтиқтаёқ, 20та эшитиш мосламаси ва 25та ҳасса бепул тарқатилди. 

Саховат тадбири иштирокчиларига тўкин дастурхон атрофида санъаткорлар ва сўз усталарининг чиқишлари ташкил этилиб, уларга хурсандчилик улашилди. Меҳмонларга саховатпеша ҳомийлар томонидан тайёрланган совға-саломлар тарқатилди.

Бундан ташқари Избоскан туман “Маданият ва истироҳат боғи”да аҳоли учун бепул тиббий кўрик, бепул ҳуқуқий маслаҳат, меҳнат ярмаркаси ҳамда турли хил кўргазмалар ташкил этилди.        

 

Мавзуга оид