Жаҳон | 11:41 / 23.08.2018
4343
1 дақиқада ўқилади

ШҲТ мамлакатлари Россиядаги халқаро машқларда иштирок этмоқда

Фото: Sputnik

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар қуролли кучларининг «Тинч миссия - 2018» террорчиликка қарши ҳарбий қўмондонлик-штаб қўшма машқлари 22 август куни Челябинск областидаги Чебаркуль полигонида бошланди. Бу ҳақда РФ Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-лейтенант Александр Лапин маълум қилди, дея хабар беради Авеста.

«Машқларда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон қуролли кучларининг ҳарбий қўмондонлиги органлари, қуруқликдаги қўшинлар бўлинмалари ва авиацияси иштирок этмоқда. Ўзбекистон вакиллари машғулотларга кузатувчилар сифатида ташриф буюради. «Тинч миссия - 2018» машқларида ШҲТга аъзо давлатларнинг 3000га яқин ҳарбий хизматчилари ва 500дан ортиқ техникаси», - деди Лапин.

«Машқларнинг асосий мақсадлари биргаликдаги терроризмга қарши операцияларни тайёрлаш ва ўтказиш, қўшма ҳарбий қўмондонлик раҳбарияти қўл остида асосий тактик ва ҳаракатлар усулларини қўллашда мувофиқликни такомиллаштиришдир», - дея аниқлик киритди қўмондон.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид