Жамият | 09:20 / 26.08.2018
21077
2 дақиқада ўқилади

Бухорода давлат солиқ хизмати ходимлари махсус бейжик тақиб юришади

Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан вилоятда давлат солиқ хизмати ходимларининг бир хил кўринишдаги бейжикларни тақиб юришлари йўлга қўйилди.

Ушбу янгилик вилоятда давлат солиқ хизмати ходимларининг «Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори» деган мақсадли вазифани сўзсиз бажаришлари учун йўлга қўйилди. 

Фото: Бухоро вилояти давлат солиқ бошкармаси

Солиқ тўловчилар, ушбу бейжикка қараб давлат солиқ хизмати ходимининг номи, фамилияси, отасининг исми, иш жойи, гувоҳнома рақамини билиб олишлари мумкин.   

Шунингдек, ундан давлат солиқ хизмати ходимининг оилавий сурати ҳам ўрин олган. Ушбу сурат давлат солиқ хизмати ходимига фарзандлари ва оиласи уни умид билан кутиб турганини ҳар лаҳза эслатиб туради. Бу эса ходимларнинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Фото: Бухоро вилояти давлат солиқ бошкармаси

Бир сўз билан айтганда, йўлга қўйилган ушбу янгилик вилоятда давлат солиқ хизмати ходимларига корпоратив этикани сингдириш, давлат солиқ хизмати органларининг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш учун ўз хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид