Фан-техника | 13:20 / 26.08.2018
9937
3 дақиқада ўқилади

Tesla’нинг собиқ ходимлари оммавий равишда Apple’га ишга ўтишмоқда

2017 йил сўнгидан буён Илон Маскнинг Tesla’сидан Apple’га камида 46 нафар ходим кўчиб ўтган, деб хабар бермоқда CNBC ўз манбалари ва LinkedIn ижтимоий тармоғидаги маълумотларга асосланиб.

Apple’га дастурчилар, технологлар, хавфсизлик соҳаси ходимлари, етказиб бериш ва логистикага масъул ходимлар ўтишмоқда, дейишган телекомпания ҳамсуҳбатлари.

Улар нафақат Apple’нинг ўзиюрар автомобилини лойиҳалаштиришда, бошқа лойиҳаларда ҳам иштирок этишади, деган манбалардан бири.

Июль ойида компанияга Tesla’нинг ишланмалар бўйича собиқ катта вице-президенти Даг Филд ўтган, ижтимоий тармоқларда у ҳозирча иш жойи ўзгарганини маълум қилмаган. Унинг кетиши Tesla’даги ахлоқий муҳитга салбий таъсир ўтказган, дея таъкидлашган CNBC’нинг бир неча манбалари.

Apple’га ўтиш сабаблари сифатида кишилар каттароқ маош ва компания акцияларининг муттасил ўсиб бораётганини кўрсатишган. Apple мутахассислари маоши Tesla’дагидан бир ярим баробар кўпроқ, Сан-Францискодаги ҳаёт эса қимматлик қилмоқда, дейишган телекомпаниянинг бир неча суҳбатдоши.

Tesla’дагилар ўз компаниясида ишлаш осон эмаслигини таъкидлаб, ходимларига кўпроқ маош тўлай олмаслигини баён қилишган, чунки компаниядаги пуллар «Apple’дагидан юз баробар камроқ».

Tesla вакили СNBC’га берган интервьюси чоғида компаниядан ходимларнинг чиқиб кетиши ортаётганини рад этган. Аксинча, унинг айтишича, сўнгги йил ичида ходимлари қўнимсизлиги учдан бир қисмга қисқарган ва компанияга янги ходимлар ҳам келган, жумладан, Apple’дан ҳам.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Tesla раҳбари Илон Маск харажатларни қисқартириш ва электромобиллар ишлаб чиқариш рентабеллилигини сақлаб қолиш мақсадида 9 фоиз ходимларини, яъни 4 мингдан зиёд кишини ишдан бўшатишини эълон қилган эди.

Август ойида эса Tesla компанияси қаторасига олтинчи чорак рекорд даражада зиён кўраётгани маълум бўлди.

Мавзуга оид